Трамп АҚШ Давлат котиби лавозимига кимни таклиф қилмоқчи?
Олам
−
12 Ноябрь
5561АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп давлат котиби лавозимига сенатор Марко Рубиони номзод қилиб кўрсатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
2021 йил январь ойидан буён ушбу лавозимни амалдаги Президент Жо Байден маъмуриятида Энтони Блинкен эгаллаб келмоқда. Газета суҳбатдошларининг таъкидлашича, Трамп ҳали сўнгги дақиқаларга бориб ўз фикрини ўзгартириши мумкин. Негаки Американинг сайланган раҳбари сайлов кампанияси бошланишидан олдин вице-президентликка эҳтимолий номзод деб Рубиони мўлжаллаган.
Нашрнинг ёзишича, 53 ёшли Марко Рубио 2010 йилда Сенатга (АҚШ Конгрессининг юқори палатаси) сайланган ва Хитой, Эрон, Венесуэла ва Кубага нисбатан кескин позицияни эгаллаган ҳолда ўзини ташқи сиёсатда “калхатчи” сифатида намоён қилган.
Рубио 2014 йилда, Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг, Россия банкларини халқаро SWIFT тўлов хизматлари тизимидан узишга чақирган. 2022 йил январь ойида, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланишидан олдин, республикачи ўз чақириғини такрорлади. Бундан ташқари, у Россиянинг Украинага ҳужуми содир бўлган тақдирда Владимир Путин ва Россия раҳбариятининг бир қатор бошқа асосий вакилларига нисбатан шахсий санкцияларни жорий этишга чақирди.
2022 йил март ойи бошида Рубио бошқа республикачи сенатор Час Грассли билан биргаликда Россиянинг барча давлат корхоналарига қарши кенг қамровли санкциялар жорий этишни таклиф қилди.
Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг Рубио Украинадаги уруш “боши берк кўчага кириб қолгани” ва унга барҳам бериш кераклигини айтди. Шу билан бирга, у “Украиналиклар ўзларини Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда ниҳоятда жасур ва кучли бўлганини” таъкидлади.
Бундан олдин Дональд Трамп Флорида штатидан конгрессмен Майкл Уолтцни миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчи қилиб тайинлаши маълум бўлган эди. СNN эса кеча, 11 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти ўзининг собиқ катта маслаҳатчиси Стивен Миллерни Оқ уй департаменти раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинлашга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.
Трамп мамлакатнинг БМТдаги доимий вакилини ҳам танлашга қарор қилган ва бу лавозимга Вакиллар палатаси аъзоси Элиз Стефаникга таклиф қилган. СNN уни “сайланган президентнинг ишончли иттифоқчиси” деб таърифлаган ва уни Республикачилар партияси учун катта маблағ йиғувчи деб атаган.
Маълумот учун, АҚШда сайловлар жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтди. 24 соат ичида Дональд Трамп ғалаба қозониш учун зарур бўлган 270 овоздан ошиб кетди. Унинг инаугурацияси 2025 йил 20 январга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Американинг “The Hill” ва “Politico” нашрлари флоридалик сенатор Марко Рубио Дональд Трамп даврида АҚШнинг янги давлат котиби бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.
LiveБарчаси