Трамп Аббосга Ғазодаги урушни тугатишга ваъда берди
Олам
−
09 Ноябрь
5225АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилди ва Ғазо секторида урушни тўхтатиш масаласи билан шуғулланишга ваъда берди. Бу ҳақда “Axios” хабар бермоқда.
Нашрга кўра, суҳбат давомида Аббос Трампни ғалаба билан табриклаб, унга президентлик лавозимида муваффақият тилаган ва халқаро қонунчилик ҳамда адолатли ва тўлиқ тинчликка интилишда биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирган.
Фаластин раҳбари баёнотига кўра, Трамп урушни тўхтатишга содиқлигини таъкидлаган ҳамда минтақавий ва глобал манфаатдор томонлар билан минтақада тинчликка эришиш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Қайд этилишича, Аббос ва Трамп аввалроқ Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилиб, АҚШ элчихонасини у ерга кўчиришга қарор қилганидан бери алоқа қилмаган.
“Бу қўнғироқ – Фаластин раҳбарияти Трамп билан тўрт йиллик танаффусдан кейин алоқаларни янгитдан бошлашни исташини кўрсатувчи янгича ишора”, дейилади хабарда.