Трамп 90 кун ичида 90 та савдо битими тузмоқчи
Олам
−
12 Апрель 3207 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти 90 кун ичида 90 та савдо битими тузмоқчи – 75 дан ортиқ давлатга нисбатан оширилган тарифларни жорий этиш шу вақтгача қолдирилди. Бу ҳақда кеча, 11 апрель куни Трампнинг савдо бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу вазифани Молия вазири Скотт Бессент, АҚШ Савдо вакили Жеймисон Греер ва Савдо вазири Говард Лутник бажариши мумкин. Наварронинг қўшимча қилишича, Трамп “асосий музокарачи” бўлади, чунки “уни синчиклаб ўйламасдан ҳеч нарса амалга ошмайди”.
Европа Иттифоқининг Савдо бўйича комиссари Марош Шефчович 14 апрель куни Вашингтонга тарифлар бўйича музокаралар учун боради. Бироқ, “Reuters”нинг ёзишича, ўша куни АҚШ Молия вазири Бессент Аргентинадаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини намойиш қилиш учун Буенос-Айресда бўлади.
“Унинг Шефчович билан учрашувда иштирок этмаслиги савдо экспертларида АҚШ Президенти маъмурияти бир вақтнинг ўзида шунчалик кўп музокараларни қанчалик самарали олиб боришига шубҳа уйғотмоқда”, деб ёзади агентлик.
АҚШнинг собиқ савдо вакили Венди Катлернинг сўзларига кўра, Трампни ҳам, молия бозорларини ҳам қониқтирадиган келишувларга эришиш “катта вазифадир”. Унинг фикрича, Трамп жамоаси асосий давлатларга устуворлик бериши ва бошқалар учун 90 кунлик паузани узайтириши керак.
2 апрель куни Трамп АҚШ савдо ҳамкорларининг аксариятига нисбатан савдо тарифлари жорий этилишини эълон қилди. Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан импорт қилинадиган товарларга 20 фоизлик, Буюк Британияга нисбатан 10 фоиз бир қатор мамлакатлар учун божлар 40 фоиз ёки ундан юқори бож жорий этилди.
9 апрель куни АҚШ Президенти 75 дан ортиқ давлатга божлар жорий этишни 90 кунга кечиктирди, шу билан бирга Хитойга божларни 125 фоизга оширди. Тез орада Хитой АҚШ товарларига импорт божларини 125 фоизга оширишни эълон қилди. Трамп эса Хитойга божни 145 фоизга оширди. Европа Иттифоқи Америка товарларига жавоб тариқасидаги 25 фоизлик тарифларни жорий этишни 90 кунга қолдирди.
АҚШ ва Въетнам савдо битими бўйича расмий музокараларни бошлашга келишиб олди. Япония Бош вазири Сигеру Исиба келаси ҳафта Вашингтонга ташриф буюриши кутилаётган Иқтисодиёт вазири Рёсеи Аказава бошчилигидаги АҚШ билан музокараларни назорат қилиш учун махсус гуруҳ тузди. Аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Трамп билан учрашган эди. Тайвань ҳам музокаралар ўтказиш ниятида эканини маълум қилди.
Live
Барчаси