Трамп савдо урушида тўсиққа учради. Хитой ён беришни истамаяпти
Таҳлил
−
12 Апрель
9077Ядро урушида ғолиблар бўлмайди дейишади. Ҳеч ким ғалаба қозонмайдиган ва тарафларнинг биронтасига наф келтирмайдиган яна бир шундай тўқнашув мавжуд. Бу асосий қуроли кўтарилган божлар ҳисобланмиш савдо урушидир. Трамп томонидан февраль ойида аста-секин старт берилган бу можаро бугунга келиб кутилганидан ортиқ кескинлашди. Иқтисодий сферада кечаётган бу жараён бир неча 10 йилликлардан буён шаклланган дунё сиёсий тизимини тубдан ўзгартириш эҳтимоли жуда юқори. Чунки мазкур можародаги томонлар айни дамда иккита: АҚШ ва ер юзидаги қуруқликнинг қолган қисми. Жараён айнан шуниси билан қизиқ кўриниш олди. Бундан ташқари, бир неча йиллар илгари кимдир тахмин қилса, ҳеч ким ишонмайдиган воқеалар айнан шу савдо урушининг ортидан реалликка айланишга яқин. Европа Иттифоқи ва Хитойнинг АҚШга қарши бирлашув эҳтимоли, Марказий Осиё минтақаси Кўҳна қитъанинг Трампга жавоб зарбасида асосий ўринлардан бирини эгаллаши мумкинлиги ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
“Уруш”нинг илк кунлари
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йил 20 январь куни инаугурация маросимида айтган режасига мувофиқ февраль ойида Мексика, Канада ва Хитойдан келадиган товарларга янги бож тарифларини жорий этди. Нишондаги ушбу 3 давлат Трампнинг бу ҳаракатига ўз норозиликларини билдирди. Мексика ва Канада эса Трампнинг миграция ва наркотрафик масалаларидаги талабини қондириш эвазига бу қарорни 1 ойга музлатишга эришди. Бироқ муддат ўз якунига етгач, қарор ўз кучида қолди ва дунё миқёсида янги “уруш”ни бошлаб берди. Дастлаб, 10-25 фоиз атрофида жорий қилинган янги тарифлар вақт ўтиб Трампни қониқтирмади. 2 апрель куни АҚШнинг амалдаги Президенти бутун дунё бўйлаб деярли барча давлатларга бож ставкаларини жорий қилди. Уларнинг сони 185 тадир. Бундан пингвинлардан бошқа биров яшамайдиган орол ҳам четда қолмади. Энг юқори божлар Хитой, Вьетнам ва Камбоджа маҳсулотларига қўлланилди. Дональд Трамп АҚШ иқтисодиётида фавқулодда ҳолат эълон қилиб, шу орқали божларни белгилаш бўйича кенг ваколатларга эга бўлди.
Оқ уй раҳбарига кўра, АҚШ бошқа давлатларнинг Америка маҳсулотларига нисбатан қўллаётган умумий бож ставкаларини ҳисоблаб чиқади ва шунга мос равишда унинг ярмига тенг ставкани ўрнатишини эълон қилди. Бунда Европа Иттифоқига 20 фоиз, Тайванга 32 фоиз, Жанубий Африкага 30 фоиз ва бошқаларга ҳам улар АҚШ товарларига нисбатан қўйган тарифларнинг тенг ярми кўринишида бож жорий қилиш кўзда тутилди.
Трамп ҳатто ҳеч ким яшамайдиган Херд ва МакДональд оролларига ҳам 10 фоизлик бож қўйди. Ушбу оролларда пингвинлардан бўлак ҳеч кимса истиқомат қилмайди. Дунёдаги энг олис қуруқлик жойлашган ҳудуд Ҳинд океанининг жанубий қисмида бўлиб, бу ер Херд ва МакДональд оролларидан иборат. Улар Австралиянинг ташқи ҳудудлари ҳисобланади. Трампнинг нега бу кимсасиз оролларга ҳам бож жорий қилиш сабаби кейинчалик изоҳланди. Оролларга божлар у ердан бошқа бир давлат транзит сифатида фойдаланмаслиги учун жорий қилингани айтилди. Бундан ташқари, 3 апрелдан бошлаб АҚШ енгил автомобиллар, енгил юк машиналари ва автоулов эҳтиёт қисмлари импортига ҳам 25 фоиз бож жорий қилди. Бу давлатларга белгиланган умумий тарифлардан ташқари жорий қилинадиган алоҳида бождир.
Аммо энг мураккаб жараён булар эмас. Трамп очган савдо урушидаги асосий нишон Хитой бўлиб қолмоқда. Юқорида Хитойга 34 фоизлик тариф жорий қилингани ҳақида сўз борди. Бироқ бу умумий миқдор эмас. Чунки АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Трампнинг Хитойга нисбатан жорий этган янги бож ставкалари аввалгиларга қўшилиши ва натижада олдинги 20 фоизлик миқдор билан Хитой импортига қўлланиладиган умумий бож 54 фоизга етганини айтди. Бу эса айни дамдаги савдо урушини ростманасига ўт олдирди.
2 апрелдаги янгиликдан кейин Хитой, Канада ва Европа Иттифоқини ҳисобга олмаганда, кўплаб дунё давлатлари ўз муносабатини билдирди, аммо бу баёнотлар жуда вазмин ва эҳтиёткорона кўринишда бўлди. Улар сиёсий этикетдан анча йироқ бўлган Трампга душман бўлиб қолишдан чўчиши кўриниб турибди ва бу йўлда “қария”нинг нишонига айланиб қолмаслик ҳозир энг устувор масалалардан бирига айлангани табиий.
Савдо урушида четда қолмаган Ўзбекистон
2008 йилда АҚШда ипотека соҳасидаги инқироз туфайли содир бўлган глобал молиявий қулашдан ўша пайтларда дунё учун аллақачон ёпилган Ўзбекистон маълум маънода четда қолгани айтилади. Аммо бу йўл оқибатида Ўзбекистон XXI асрнинг биринчи декадасидаги “иқтисодий ўсишлар”да кўпиртирилган рақамлардан бўлак айтарли натижа олмагани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугун эса мамлакат ўзининг янги қиёфаси билан глобал жараёнларнинг бир четида эмас, балки унинг айни ичида ва муҳим ролларда гавдаланяпти. Хусусан, 3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтказилган тарихдаги илк “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити олдидан Еврокомиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен мазкур саммитни Европанинг АҚШ божларига жавоб бериш стратегиясининг бир қисми деб атади. “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити Европа Иттифоқининг хорижий ҳамкорлар билан савдо муносабатларини диверсификация қилиш стратегияси доирасида АҚШ божларига жавоб бериш элементларидан бири сифатида кўриб чиқилганини таъкидлади. Бу эса ЕИ янги ҳамкорлар ва янги бозорлар қидириб, Марказий Осиёга юзлангани, бунда эса Ўзбекистон муҳим нуқтага айланганидан далолатдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида тобора кескинлашиб бораётган глобал савдодаги можарога рақамлар билан тўхталиб ўтди. Унга кўра, сўнгги уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилган ва дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилмоқда.
“Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!” деди Президент.
Бу шароитда барча ҳокимлар иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши кераклиги қайд этилди. Иқтисодий комплекс масъулларига ҳар ҳафта тармоқма-тармоқ муаммоларни таҳлил қилиш ва янги таклифлар киритиш, туман ва вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида тадбиркорлар масалаларига ечим топиб бориш топширилди.
Трампнинг янги тарифлари Ўзбекистонга қандай таъсир қилгани эса алоҳида масала. Бу борада Ўзбекистон энг кам зарар кўрадиган “омадли давлатлар” қаторидан ўрин олди. Чунки Бирлашган Қироллик, Миср, Туркия, Колумбия, Перу, Аргентина, Чили, Сингапур ва Ўзбекистон каби давлатлар учун минимал 10 фоизлик асосий бож белгиланди. Аммо Хитой билан 200 фоизлик тариф довонига яқинлашаётган Трампнинг чоралари Ўзбекистонга бевосита бўлмаса-да, билвосита таъсир қилиши мумкин. Чунки АҚШ ва Хитой ўртасида Дональд Трампнинг биринчи мандати давомида кечган савдо уруши Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатган. 2018 йилда жорий этилган тарифлар Ўзбекистоннинг Хитойга экспортини қисқартирган, импортни эса оширган эди.
Жаҳон бозорларидаги “нокдаун”
Дональд Трампнинг АҚШга кирадиган барча товарларга бож солиш ва Қўшма Штатларнинг энг йирик савдо ҳамкорларига алоҳида тарифлар жорий этиш ҳақидаги қарори мамлакатдаги фонд бозорининг қулашига олиб келди. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, бундай салбий ҳолат пандемиядан бери кузатилмаган. Масалан, 3 апрель кунги савдо бошида S&P 500 индекси 4 фоиздан кўпроққа, Nasdaq – 4,9 фоиз, Dow Jones – 3,7 фоизга, кичик капитализацияли компанияларни ўз ичига олган Russell 2000 индекси эса деярли 7 фоизга қулаган. АҚШнинг энг йирик компаниялари акциялари 2 триллион долларга арзонлашган. АҚШ бозорининг умумий капитализацияси 2,7 триллион долларга камайган – бу 2020 йилдан бери энг йирик кўрсаткичдир. Apple акциялари ҳам 9,5 фоизга тушиб кетди. Бунга компаниянинг асосий заводлари энг кескин тарифларга дучор бўлган Хитойда жойлашгани сабаб бўлди. Оқибатда компания қиймати 300 миллиард долларга камайди. Йўқотиш фақат акцияларда эмас, компания смартфонида ҳам кузатилади. Аниқроғи, бу йўқотиш Apple учун эмас, “Трамп жон куйдираётган” АҚШ фуқаролари учун жуда оғир оқибатларни келтириб чиқариши кутиляпти. Сабаби, тахминларга кўра, Iphone'нинг сўнгги моделлари 3,5 минг долларгача ошиши мумкин.
Бундан ташқари, Хитой маҳсулотларига тўла бўлган Target ва Dollar Tree чакана савдо тармоғи акциялари 12 фоиздан ортиқ қулади. Amazon капитализацияси 165 миллиард долларга, Nvidia’ники эса 183 миллиард долларга камайди.
“The New York Times” нашрига кўра, Трампнинг энг йирик донорларидан айримлари миллиардлаб зарар кўрган: Tesla акциялари қулашидан Илон Маск 6 миллиард доллар йўқотган бўлса, Blackstone Group инвестиция фонди раҳбари Стивен Шварцман 3 миллиард доллардан айрилган.
“Forbes” хабарига кўра, Трампнинг ўзи ҳам бу тарифлари ортидан қисқа вақт ичида ярим миллиард доллар йўқотган.
Сўнгги уч йилдаги энг катта пасайишни нефть бозори бошдан кечирди. Brent маркали нефть фючерслари 7 фоиз арзонлашиб, баррели 70 доллардан пастга тушди. Кейинчалик бу нарх 59 долларгача тушди.
Маълумотларга кўра, бож тарифлари ҳажми кутилганидан анча юқори бўлиб чиққан. Хусусан, Оқ уй ҳисоб-китобларига бўйича улар келаси 10 йил ичида АҚШ бюджетига 6 триллион доллар олиб келади ва 2024 йилда мисли кўрилмаган 3 триллион долларга етган бюджет тақчиллигини қисқартиради. 2025 йилда эса бу кўрсаткич ўтган йилги рекордларни янгилаши кутилмоқда. JP Morgan таҳлилчиларига кўра, бу Трампнинг қарори 1960 йиллар охиридан буён АҚШда энг йирик солиқ ислоҳоти бўлиб, бюджетни тўлдириш эвазига АҚШ ва Европа Иттифоқида рецессия (иқтисодий ўсишнинг тўхташи ёки пасайиши даври), жаҳон бўйича эса стагфляцияга (иқтисодий ўсиш бўлмаётган ҳолда, нарх-наво кескин ошиб бораётган иқтисодий ҳолат) олиб келиши мумкин. Трампнинг тарифлари Осиё фонд бозорларини “мажруҳ” қилди. BBC хабарига кўра, Осиё – Тинч океани минтақаси фонд бозорлари ўтган ҳафта АҚШ Президенти томонидан эълон қилинган тарифлар оқибатида шиддат билан пасайишда давом этмоқда. Маълум қилинишича, Тинч океани минтақасининг 13 мамлакатидан йирик ва ўрта капиталлашувга эга компанияларни ўз ичига олган МСCИ MSCI Asia Pacific индекси 2008 йилдан бери энг кучли пасайишни кўрсатган (-7,1 фоиз), Япониянинг Nikkei 225 эса “айиқ бозори” зонасига кирган – яъни аввалги максимал кўрсаткичдан 20 фоиз ёки ундан кўпроққа пасайган. Бутун дунё бўйлаб сотиладиган товарларнинг аксарияти Осиёда ишлаб чиқарилгани сабабли, Осиё мамлакатлари ва ҳудудлари АҚШ томонидан жорий этилган тарифлардан тўғридан тўғри азият чекмоқда. Улар, шунингдек, глобал савдо уруши дунёнинг энг йирик иқтисодиётида пасайиш ёки ҳатто таназзулга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Уолл-стритдаги инвестиция компаниялари Трамп маъмуриятининг тарифлар ҳақидаги эълонлари фонида ўз прогнозларини қайта кўриб чиққан. JP Morgan таҳлилчилари АҚШ ва дунёда рецессия яъни иқтисодий ўсиш суръатининг секинлашиш эҳтимолини 60 фоиз деб баҳолаган.
АҚШга тахтдан тушиш чақириғи
Канада Бош вазири Марк Карни АҚШга қарши жавоб божларини жорий қилганини ва Оттава Вашингтон ўрнига дунё етакчиси бўлишга тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг глобал таъсири заифлашаётган бир вақтда Канада давлатларнинг янги коалициясига етакчилик қилишга тайёр.
Шунингдек, Карни Америка Қўшма Штатларининг 80 йиллик етакчилик даври ниҳоясига етганини қайд этган ва ишонч ҳамда эркин савдо асосида тузилган иттифоқлар даври ортда қолганини таъкидлаган. Бундан ташқари, у АҚШдан импорт қилинадиган енгил ва юк автомобилларига 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилган. Марк Карнининг ҳисоб-китобларига кўра, бу тарифлар бюджетга 5,7 миллиард доллар қўшимча даромад келтиради. Бу жорий йилнинг 4 март куни Канада томонидан АҚШ маҳсулотларига қўйилган 25 фоизлик божлар орқали келган тахминан 42 миллиард долларга қўшимча бўлади.
Канада Бош вазирининг айтишича, божлар автомобиль қисмлари импортига тааллуқли бўлмайди, шунингдек, Stellantis, Ford ва General Motors каби автомобиль ишлаб чиқарувчиларга Канададаги ишлаб чиқаришлари ҳисобига автомобилларни бож тўламасдан олиб кириш имконияти сақланиб қолади.
Хитой эса Трамп келтириб чиқарган бож инқирозига муаммо эмас, балки имконият сифатида қарашга ҳаракат қиляпти. Дунё аксар давлатлари АҚШ Президенти томонидан эълон қилинган тарифлар бўйича имтиёзлар сўраб музокаралар олиб бораётган бир пайтда, Хитой бутунлай бошқача йўл тутмоқда. Шу чоққача 70 дан ортиқ давлат божлар юзасидан музокара қилиш ҳақида АҚШга мурожаат йўллаган бўлса, Хитой бу урушни охирига етказиб қўйишга тайёрлигини керакли жойларга билдириб қўйди. Трампнинг бозорни ларзага солган божлар ҳақидаги баёнотидан атиги 48 соат ўтиши билан дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт — Хитой худди Канада каби АҚШ товарлари ва компанияларига қарши жазо чораларини жорий этди. Хитой Давлат кенгаши АҚШдан барча импорт учун 34 фоиз қўшимча божлар жорий этилишини эълон қилди. Хитойнинг мазкур қадами у бу урушга мутлақо тайёр экани ҳақидаги сигнал сифатида баҳоланмоқда. Бу хабар Хитойнинг ички аудиторияси ва халқаро жамоатчиликка давлат ОАВ ва ҳукумат баёнотлари орқали етказилди. Қисқа қилиб айтганда, Хитой савдо урушида ғолиблар бўлмаслиги ва бу ўзининг асосий рақобатчиси бўлган океан ортидаги гигантни ҳам ҳолдан тойдиришини яхши англаган ҳолда курашни давом эттиради. Бироқ бу можаро ортидан икки давлат жуда кўп нарсани йўқотишини рақамлар аниқ равшан очиқлаб беради. Хусусан, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо 2024 йили ярим триллион доллар атрофида бўлган.
Европани йўқотиш хавфи
Трампнинг янги тарифларидан сўнг Пекин дарҳол 34 фоизлик божлар билан жавоб қайтарди. Аммо АҚШ Президенти агар Пекин аввалроқ эълон қилинган қарши чоралардан воз кечмаса, Вашингтон 9 апрелдан Хитойга қарши қўшимча 50 фоизлик божлар жорий қилиши ҳақида Truth Social платформасидаги саҳифасида маълум қилди. Трамп, шунингдек, Хитойга тариф сиёсати бўйича музокаралар жараёни барбод бўлиши билан ҳам таҳдид қилди. Бироқ Трампнинг қўрқитишлари Хитойга таъсир қилмади. Чинликлар буни эътиборсиз қолдирди. Натижада, 9 апрелдан бошлаб, АҚШ Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга яна қўшимча бож жорий қилди ва чекловларнинг умумий миқдори 104 фоизга етди. Дастлаб 20, кейинчалик 34 ва 50 фоизлик импорт божлари қисқа вақт ичида йиғилиб 100 фоиздан ошди.
Аммо Хитой айни мана шу нуқтада курашишга тайёр эканлигини риторикадан амалиётга кўчирди. 9 апрелнинг ўзидаёқ Хитой Молия вазирлиги АҚШга нисбатан тенг миқдорда 50 фоизлик янги жавоб чорасини эълон қилди ва бу илгариги 34 фоизлик чеклов билан жами 84 фоизлик импорт божларини ташкил қилди. Ҳисоб: 104-84.
Бироқ бу сўнгги натижалар эмасди. Орадан бироз ўтиб Трамп кутилмаганда у билан божлар масаласида музокара бошлашга тайёр бўлган 75 та давлатга 2 апрелда жорий қилинган янги тарифларни 90 кунга кечиктиришини эълон қилди. Лекин бу масалада Хитой аксинча йўл тутгани боис унга нисбатан белгиланган миқдор 104 дан 125 фоизгача оширилгани айтилди. 10 апрелда тарқалган хабарларда эса Хитойга қўйилган тарифлар 125 фоиз эмас, балки АҚШ Президенти Дональд Трамп ихтиёрига кўра, 145 фоизгача оширилгани баён қилинди. Хитой ҳам бунга илгаригиси каби зудлик билан жавоб қайтарди ва АҚШ маҳсулотларига бож ставкаларини 84 фоиздан 125 фоизгача оширди. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги савдо жанги ҳозиргача бўлган вақт ичида ўзининг энг юқори чўққисига чиқди.
Аммо мазкур воқеликлар фонида АҚШ олдида қатор дилеммалар турибди. Қўшма Штатлар бу шароитда ўзининг янги тарифлар сиёсатидан воз кечади ёки бунинг оқибатида Европа қитъасини Хитой билан жипслаштиради ва кўп қутбли дунё тартибига ўз қўли билан расман йўл очади. Чунки Трамп курси айни дамда Европа Иттифоқи ва Хитойнинг бир-бирига яқинлашувини заруратга айлантирмоқда. Бу шунчаки тахмин эмас, балки расмий доираларда янграган сигналдир. Хусусан, 11 апрель куни Хитой Раиси Си Цзиньпин Пекинда Испания Бош вазири Педро Санчес билан учрашувда Хитой Европа Иттифоқига кўп қутбли дунёда муҳим сиёсий ва иқтисодий куч сифатида қараши ва мамлакатлар орасида ҳамкорликка умид қилишини билдирди. Сига кўра, Хитой ва ЕИ ўзларининг халқаро мажбуриятларини бажариши, иқтисодий глобаллашув тенденциясини ва халқаро савдо муҳитини биргаликда ҳимоя қилиши керак. У Европа Иттифоқи ва Хитой Трамп маъмуриятининг тарифларига қарши биргаликда ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.
Айни дамда эса Трамп ЕИга ҳам тарифлар бўйича пауза эълон қилган, Иттифоқ ҳам ўз навбатида АҚШга жавоб чоралари қўллашни тўхтатган. Бироқ, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга кўра, АҚШ билан ўтказиладиган музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда, қарши чоралар яна кун тартибига қайтади. Бу эса бир-бирига стратегик жиҳатдан душманона руҳда бўлган икки субъектнинг яқинлашув эҳтимоли борлигини англатади. Устига-устак бугун ЕИ ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси АҚШ ва Хитой ўртасидаги айланмадан анча кўп. Масалан, 2024 йилда Хитойнинг Европа Иттифоқи билан савдо айланмаси 785,82 миллиард долларни ташкил этган.
Трампнинг ҳақиқати ва мақсадлари
Трамп икки томонлама савдо муносабатларидаги ўзаро тенгликнинг йўқлиги, жумладан, АҚШ савдо балансидаги камомад мамлакат миллий хавфсизлигига ғайриоддий ва фавқулодда таҳдид солаётганини таъкидлаш орқали ўзининг иқтисодий фавқулодда ҳолат қарорини оқлашга уринди. Трамп бу орқали фабрика ва заводларни Америкага қайтармоқчилигини ҳам очиқлади. У янги жорий қилинган тарифлар туфайли АҚШга ўз товарларини дунёнинг турли чеккаларидан туриб экспорт қиладиган ишлаб чиқарувчилар ўз ишини Америкада давом эттиришига умид қилмоқда. Чунки агар-да улар ўз фабрика ва заводларини АҚШда очса, шу ерда ишлаб чиқарса, божлар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, Трамп божлар борасида ҳеч кимга текин ёрдам бериш ёки уларни юмшатиш ниятида эмас. Ҳатто Яқин Шарқдаги “жазмани” Исроилга ҳам. Бу шу ҳафта Нетаньяхунинг Оқ уйга ташрифи доирасида Исроилга яхшигина тушунтирилди.
Ундан олдин, 6 апрель куни Air Force One самолётида журналистлар олдида чиқиш қилган Трамп бозорларнинг пасайиши уни хавотирга солмаётганини маълум қилди. Трамп бирор нарса қулаб тушишини хоҳламаслиги, аммо баъзида ниманидир тўғрилаш учун дори ичишга тўғри келиши ҳақидаги мисол орқали бу божлар аслида савдолашиш ва преференцияларни қўлга киритиш эканини қайсидир маънода билдириб қўйди. Трампнинг сўзларига кўра, у дам олиш кунлари Европа ва Осиё етакчилари билан суҳбатлашган, улар Трампни шу ҳафтада кучга кириши керак бўлган тарифларни пасайтиришга кўндиришга умид қилмоқда.
Хўш, АҚШ бу орқали нималарга эришмоқчи? Асосий масала ҳам шунда. Трампнинг янги тарифлари ортидан Оқ уй ҳозирда баъзи мақсадларни кўзлагани маълум. Улар қаторига ички саноатни ҳимоя қилиш ҳам киради. Жумладан, АҚШ технология ва автомобиль саноатини Хитойнинг арзон импортидан ҳимоя қилишни истаяпти. Бундан ташқари, Хитойнинг саноат сиёсатига қарши ўзига хос чора қўллаш. Бу ерда кўп эҳтимол демпинг, яъни Хитойнинг давлат томонидан субсидияланган йирик компанияларини адолатсиз рақобати туфайли жазолаш ҳақида гап кетяпти. Албатта, хусусий компаниялар давлат томонидан субсидияланадиганлар билан рақобат қилиши мушкул. Бу муаммо нафақат АҚШ ва Хитой ўртасида, балки бутун Жаҳон савдо ташкилоти ва унинг ичидаги мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ҳам жиддий муаммога айланган. Бироқ Трампнинг бу тарифлари ортида яна қатор мақсадлари бор. Шулардан яна бири бу савдо балансидаги номутаносибликни тўғрилашдир. Яъни АҚШ ўз савдо ҳамкорлари билан тенг миқдорда экспорт-импорт муносабатларини йўлга қўймоқчи. Жорий қилинган янги тарифлар ҳам асосан шунга қараб ўрнатилган бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонга энг кам – 10 фоизлик янги божлар қўйилди. Чунки АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги экспортда АҚШ устунлик қилади. Жумладан, 2023 йил ҳисобига кўра, АҚШнинг Ўзбекистонга экспорти 438 миллион доллар бўлган бўлса, Ўзбекистонники бор-йўғи 103 миллионни ташкил қилган.
LiveБарчаси