Тожикистонлик эркак Молдовадаги аэропортда отишма содир этди
Олам
−
30 Июнь 2023
8495Молдованинг Кишинёв аэропортида асли тожикистонлик Россия фуқароси отишма содир этиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий “Point.md” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Кишинёвга келган 43 ёшли асли тожикистонлик Россия фуқаролигига эга эркакнинг Молдовага кириши тақиқланган. Аэропорт ходимлари томонидан стерил зонага кузатиб қўйилаётган пайтда у ходимлардан бирининг тўппончасини тортиб олган ва ўқ узган. Оқибатда бир нафар чегара полицияси ходими ҳамда бир нафар аэрпорт қўриқчиси ҳалок бўлган, йўловчилардан бири эса жароҳат олган. Бу вақтда унинг ўзи ҳам жароҳат олиб, кейинчалик қўлга олинган.
Фавқулодда ҳодиса бартараф этилгунга қадар Кишинёв аэропортидаги йўловчилар эвакуация қилиниб, барча рейслар қолдирилган.
Маълум бўлишича, отишма содир этган шахс Кишинёвга Туркиядан учиб келган. Унинг нима сабабдан бу ишни қилгани ҳозирча аниқ эмас. Айбланувчига нисбатан теракт содир этганлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Отишмадан сўнг мамлакат Президенти Мая Санду ҳуқуқ-тартибот идораларини шай ҳолатга келтирди. Воқеага нисбатан Молдова Бош вазири Дорин Речан ҳам муносабат билдириб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор қилган.
“Кишинёв халқаро аэропортида жиддий хавфсизлик ҳодисаси. Тожикистонлик 43 ёшли фуқарога хавфсизлик нуқтаи назаридан Молдова Республикасига кириш тақиқланди. Қайтиш учун стерил зонага кузатиб бориш пайтида у чегара полицияси ходимидан ўғирланган қурол билан чегара полициячиси ва аэропорт хавфсизлик ходимини отиб ўлдирган. Яна бир киши – йўловчи жароҳатланган ва шифокорлар томонидан даволанмоқда. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдираман. Ҳукумат зарур ёрдам билан кўмаклашади. Давлат органларининг хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлашга сафарбарлик даражаси оширилди. Полиция ишни тергов қилмоқда ва барча тафсилотларни беради”, дейди Дорин Речан.
LiveБарчаси