Тожикистонда янги ГЭСлар қуриш Ўзбекистонда энергия талабини қондиради - Холмуҳаммадзода
Жамият
−
06 Октябрь 2023
7284Тожикистонда қўшма гидроэнергетика лойиҳаларини амалга ошириш келажакда Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш имконини беради. Бу ҳақда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Сорбон Холмуҳаммадзода Остонада бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг энергетика форумида гапириб ўтди.
“ШҲТ давлатлари Тожикистоннинг гидротехника салоҳиятини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Масалан, Тожикистоннинг Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва фойдаланиш бўйича Ўзбекистон билан акциядорлик жамияти ташкил этилган. Станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси қисқа муддатда Ўзбекистонда, ўрта ва узоқ муддатда эса минтақанинг бошқа мамлакатларига ўсиб бораётган талабни қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган”, деди вазир ўринбосари.
Сорбон Холмуҳаммадзоданинг таъкидлашича, республикадаги энг йирик гидроэлектр станциялари реконструкция қилинмоқда ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 375 МВт га ошириш кутилмоқда.
Маълумот учун, 2022 йилда Тошкентда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев иштирокида Тожикистоннинг Айний вилоятидаги Зарафшон дарёсида ГЭСнинг қўшма қурилишини бошлаш виртуал маросими бўлиб ўтган эди.