Тожикистон ҳам Россияни нефть маҳсулотлари етказиб берувчи асосий давлат биляпти
Олам
−
04 Октябрь 2023
5199Тожикистон учун зарур бўлган нефть маҳсулотларининг катта қисми Россиядан келади. Бу ҳақда бугун, 4 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг энергетика форумида республика Энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Сорбон Холмуҳаммадзода маълум қилди.
“Бугунги кунда Россия Тожикистоннинг ёқилғи-энергетика комплексидаги асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Икки томонлама келишувлар доирасида ҳар йили республикамизга нефть маҳсулотларининг салмоқли қисми Россия Федерациясидан етказиб берилмоқда”, дейди вазир ўринбосари.
Тожикистон божхона хизмати маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида Россия Федерациясидан нефть маҳсулотлари импорти умумий ҳажмнинг 85% дан ортиғини ташкил этган бўлиб, шу даврда 451 минг тоннадан ортиқ импорт қилинган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан деярли 100 минг тоннага кўпдир.
Холмуҳаммадзода Тожикистон минтақа давлатлари билан нефть маҳсулотларини импорт қилиш ва ортиб бораётган ички талабни қондириш масалаларида фаол ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
“Нефть маҳсулотлари импорти бўйича биринчи тўртликка Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам киради”, дея аниқлик киритди у.
Эслатиб ўтамиз, ушбу форумда иштирок этган Ўзбекистон Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев Россия Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги асосий ҳамкорларидан бири ва энг йирик инвестори эканини айтди.
LiveБарчаси