Тожикистонда парламент сайлови қачон ўтказилиши маълум бўлди
Олам
−
04 Декабрь
1482Тожикистон парламенти (Мажлиси Олий) нинг қуйи палатаси – Мажлиси Намояндагон, шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманларнинг қонун чиқарувчи органларига сайловлар 2025 йилнинг 2 март куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 4 декабрь куни мамлакат Президенти Имомали Раҳмон имзолаган фармонда келтирилган.
Бундан ташқари, худди шу ойда парламентнинг юқори палатасига ҳам сайловлар бўлиб ўтади. Фармонга кўра, Мажлиси Миллий (Тожикистон парламенти юқори палатаси)га сайловлар 2025 йил 28 мартга белгиланган.
Шунингдек, қонунда белгиланган тартибда шаҳар ва қишлоқларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари депутатлари сайлови ҳам 2 март куни мамлакат парламенти қуйи палатасига сайлов билан бир вақтда ўтказилиши қайд этилган.
Мажлиси Намояндагон таркибига 63 депутат киради, улардан 41 нафари бир мандатли сайлов округларидан, яна 22 нафари умумреспублика сайлов округидан сайланади. Мажлиси Миллий 33 аъзодан иборат. Улардан 25 нафари вилоят ва шаҳар мажлислари томонидан сайланади, яна 8 киши эса мамлакат Президенти томонидан тайинланади.
Тожикистон парламенти – Мажлиси Олийнинг ваколат муддати беш йил. Олий қонун чиқарувчи органнинг ҳар икки палатасига аввалги сайловлар 2020 йилнинг март ойида бўлиб ўтган эди. Айни пайтда Мажлиси Намояндагондаги 63 ўриндан 47 тасини Тожикистон Халқ демократик партияси вакиллари эгаллаб турибди, унинг етакчиси мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг шахсан ўзи, қолган ўринлар эса Иқтисодий ислоҳотлар партияси, Аграр партия, шунингдек, бошқа партия вакилларида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтганди. Қонунчилик палатаси сайловлари илк марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилди.