Тожикистонда кучли ёғингарчилик оқибатида 13 киши ҳалок бўлди
Олам
−
28 Август 2023
6954Кеча, 27 август куни кучли ёғингарчилик оқибатида Тожикистоннинг Ваҳдат ва Рудакий туманларида 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ваҳдат туманида 11 киши, Рудакийда эса 2 киши қурбон бўлган. Одамлар қандай шароитда вафот этгани аниқланмаган. Кучли ёмғир Душанбе-Хўжанд йўлининг айрим қисмларига ҳам жиддий зарар етказган. Магистраль йўлда ҳаракат вақтинча тўхтатилган.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.
Шунингдек, давлат раҳбари Бош вазир, Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси ҳамда бошқа ваколатли органларга ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига тез ёрдам кўрсатиш, фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берган.