Тожикистонда бўлиб қайтган шифокорлар тантанали равишда кутиб олинди
Жамият
−
22 Май 2020
7485Аввалроқ, коронавирус инфекциясига қарши курашиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга ўзбекистонлик бир гуруҳ шифокор мутахассислар Тожикистон Республикасига йўл олишгани ҳақида хабар берилган эди. Бугун тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб борган шифокорлар Ўзбекистонга қайтишди. Бу ҳақда бугун, 22 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, мутахассислар томонидан сафар давомида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда шифокорлари иштирокида қатор анжуманлар ташкил этилиб, уларда Ўзбекистондаги эпидемик вазият ва касалликнинг олдини олишда амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди, ўзаро фикр ва тажриба алмашинди. Шунингдек, касалликка чалинган беморларни самарали даволаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва шифохоналарда зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш тартиб-қоидалари бўйича мастер-класс машғулотлари ҳам ўтказилди.
ССВ Матбуот хизмати фотолари
Ўзбекистондан борган анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог каби мутахассисларимиз тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда қатор тавсиялар ишлаб чиқишди ва шу асосда самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
ССВ Матбуот хизмати фотолари
Жумладан, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коронавирус инфекцияси бўйича республикадаги вазиятни ўрганиш, зарур бўлганда, қўшимча чора-тадбирларни режалаштириш ва оғир беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида етук мутахассислардан иборат марказий гуруҳ ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси бўйича тушган мурожаатларни зудлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун, Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Мобил компаниялар орқали аҳолини коронавирус касаллигидан ҳимоя қилиш мақсадида тизимли равишда СМС тарғибот ишлари бошлаб юборилди.
ССВ Матбуот хизмати фотолари
Бундан ташқари, ташриф доирасида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят, туман даволаш профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва юқумли касалликлар шифохоналарининг мутахассислари иштирокида қатор онлайн видеомулоқотлар ўтказилди.
ССВ Матбуот хизмати фотолари
“Ўзбекистонлик мутахассисларининг 14 кун давомида тожикистонлик мутахассислар билан биргаликда олиб борган коронавирус инфекциясининг олдини олиш ҳамда даволашга қаратилган амалий чора-тадбирлари катта самара бераётганлиги улар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Ўзбек-тожик халқлари ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб келган. Буни зарур кўмак ва керакли тавсиялари билан тожик халқига яқиндан ёрдам берган фидойи шифокорларимиз мисолида ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин“, дейилади вазирлик хабарида.
ССВ Матбуот хизмати фотолари
Ана шундай шарафли вазифани муносиб тарзда бажариб қайтишган тиббиёт ходимлари Тошкентда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан тантанали равишда кутиб олинди.
ССВ Матбуот хизмати фотолари
Эътиборли жиҳати, Тожикистонда бўлиб қайтган тиббий гуруҳ таркибидаги барча, яъни 8 нафар тиббиёт ходими Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
LiveБарчаси