Тожикистонда 2 мингдан ортиқ давлат ҳужжати СИ ёрдамида ўғирланди

Олам

−

image

Қозоғистон билан алоқадор хакерлар гуруҳи сунъий интеллектдан фойдаланиб, Тожикистоннинг миллий хавфсизликка оид 2 мингдан ортиқ давлат ҳужжатини ўғирлади. Бу ҳақда киберхавфсизлик билан шуғулланувчи CloudSek компанияси ҳисоботига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, Сингапурда жойлашган CloudSek компанияси хакерлар фаолиятини кузатиш давомида уларнинг Hermes деб номланган очиқ кодли, автоном сунъий интеллект агентлари тизимидан фойдаланганини аниқлаган. Хакерлар серверни интернетда очиқ қолдириб кетгани сабабли компания уларнинг фаолиятини фош этган.

Маълумотларга кўра, хакерлар тахминан август ойининг ўрталарида Hermes ёрдамида разведка ишларини олиб борган. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, улар Тожикистоннинг электрон ҳужжатлар тизимига киришга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг сунъий интеллект агенти ҳужжатларни юклаб олиш, тартибга солиш ва уларни ўғирлашни осонлаштириш учун кичик ҳажмдаги қисмларга ажратишга мўлжалланган махсус дастур ёзган.

Компания аниқлаган маълумотлар орасида хакерларнинг сунъий интеллект агентига берган кўрсатмалари ҳам бўлган. Унда Hermes ўзини киберҳужумларни амалга оширишга ихтисослашган мутахассис сифатида тутиши, ҳужумларни режалаштириши, бажариши ва натижалар бўйича ҳисобот тайёрлаши кераклиги кўрсатилган.

CloudSek хакерлар гуруҳини “Silent Lynx” деб атаган. Бошқа тадқиқотчилар ҳам ушбу гуруҳни Қозоғистон билан боғлаган. Хакерлар рус тилида мулоқот қилган, Қозоғистондаги иш вақтига мос равишда фаолият юритган ва серверга кўпинча Қозоғистондаги уй интернети орқали кирган.

Қозоғистон ва Тожикистон расмийлари Reuters агентлигининг изоҳ сўраб юборган мурожаатларига ҳозирча жавоб бермаган. Хакерлар гуруҳи билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ҳукумати мамлакатдаги юзлаб супермаркетларнинг музлаткич ва совутиш ускуналарига қилинган киберҳужум ортида Эрон турганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг