Тожикистонда 10 киши кучли сел келишининг қурбони бўлди
Олам
−
20 Июль 2021
5185Тожикистонда сел келиши оқибатида 10 нафар одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ) Матбуот хизмати хабар берди.
“Тожикистон ҳудудида кузатилган кучли ёмғирлар сабаб юзага келган сел тошқини оқибатида мамлакат шимолидаги Сўғд вилоятида 10 киши ҳалок бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Сўғд вилояти Панжикент шаҳри яқинидаги Дашти Қози қишлоғида маҳаллий аҳоли лойқа сувдан икки нафар аёлнинг мурдасини чиқариб олган, шунингдек, табиий офат туфайли ҳудуддаги 15 та аҳоли турар жойи вайрон бўлган, 35 бош чорва мол сувга оқиб кетган.
“Дашти Қози қишлоқ жамоатидан 30 километр узоқликда 10 нафар чўпон сел оқимига тушиб қолган. Қидирув-қутқарув ишларини амалга ошириш учун воқеа жойига ФВҚ қутқарувчилари юборилди. Қутқарув ишлари давомида саккиз нафар чўпоннинг жасади сувдан чиқариб олинди. Яна икки нафар чўпонни излаш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Сўғд вилоятининг учта тоғли туманида сел келиши оқибатида 10 километр автомобиль ва қишлоқ йўллари, электр таъминотининг иккита кўприги, селга қарши тўсиқлар, 20 гектар майдондаги деҳқончилик экинлари, иккита кўприк ва 23 та хонадон вайрон бўлган.
Фавқулодда вазиятлар бўйича туман комиссияларининг вакиллари сел келиши оқибатида кузатилган вайронгарчиликларни бартараф қилиш бўйича тадбирларни амалга оширмоқда. Бунинг учун махсус техника ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июль куни Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқимлари ҳосил бўлганди. Ушбу сел оқимлари таъсирида қўшни Ўзбекистон Республикаси Наманган вилоятида ҳам табиий офат юзага келган. Вилоятнинг Косонсой туманидан сел келиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг ўзида ҳам камида 8 киши ушбу табиий офатдан вафот этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь