Тожикистон Ворухда аҳоли эвакуациясини бошлагани айтилди
Олам
−
14 Июнь 2022
24052Тожикистон ҳукумати Қирғизистондаги Ворух анклавидан ўз фуқароларини эвакуация қилишни бошлади. Бу ҳақда “Интерфакс”га Қирғизистоннинг Боткен вилояти маъмурияти маълум қилди.
“Тахминан соат 09:25 да Ворухдан (Қирғизистондаги энг йирик тожик анклави) Тожикистон фуқароларини эвакуация қилиш бошланди”, деган вилоят ҳокимлиги вакили.
Унга кўра, Тожикистон томони бугун, 14 июнь куни эрталаб рўй берган отишмадан сўнг Боткен вилоятининг Самарқанд, Чўн-Тала, Кўк-Тош қишлоқларида чегара қўшинларини кучайтира бошлаган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълумотларига кўра, бугун, 14 июнь куни тахминан соат 07:00 да Тожикистоннинг “Кех” чегара постидан Қирғизистоннинг Булоқ-Боши чегара пости йўналиши бўйича ўқ узилган. Бунга жавобан қирғиз томони ҳам Тожикистон пости томон ўқ узган.
Қирғид томоннинг маълумотига кўра, Боткен вилоятидаги чегара вакили Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги чегара вакили билан телефонда суҳбатлашганига қарамай, соат 7:50 да Тожикистон томони граната ва миномётлардан фойдаланган ҳолда яна ўт очишни бошлади. 8:10 да отишма тўхтаган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Айни пайтда отишма сабабларига ойдинлик киритиш ва вазият кескинлашувининг олдини олиш мақсадида томонларнинг чегара вакиллари учрашуви ўтказилмоқда.
Шу билан бирга “Азия-Плюс” нашри тожик-қирғиз чегарасидаги отишма натижасида Тожикистоннинг муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Тожикистон расмийлари ҳозирча нима бўлаётганига изоҳ бермаган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият
Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.
Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.
Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.
Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь