Тожикистон раҳбари фуқароларини ватан ҳимоясига шай туришга чақирди
Олам
−
09 Сентябрь
33331Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги ва хориждаги ватандошларини дунёда оғирлашиб бораётган вазият, янги совуқ уруш, тез қуролланиш, шунингдек, терроризм ва экстремизм туфайли огоҳ бўлишга ва ўз ватанини ҳимоя қилишга тайёр бўлишга чақирди. Бу ҳақда давлат раҳбари 9 сентябрь куни нишонланадиган Тожикистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида айтиб ўтди.
“Охирги 4-5 йил ичида дунёда вазият тобора мураккаблашиб бормоқда, қуролланиш, совуқ уруш, замонавий дунёнинг таҳдид ва хатарлари, жумладан, терроризм ва экстремизм, кибержиноятлар ва бошқа трансмиллий уюшган жиноятлар ҳар куни давом этмоқда. Ана шундай нотинч замонда биз ҳамиша огоҳ бўлиб, мустақиллик ва озодликни ҳимоя қилишга тайёр туришимиз керак”, дейди у.
Президент, шунингдек, сўнгги йилларда дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши оқибатлари, жумладан, қурғоқчилик, табиий офатлар, юқумли касалликлар тарқалишига дуч келаётганини таъкидлади.
“Эслатиб қўймоқчиманки, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларнинг салбий таъсири, қайд этилган муаммолар бизнинг жонажон Тожикистонимизга ҳам тааллуқлидир”, дейди Имомали Раҳмон.
Раҳмон республикада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нафақат ҳукуматнинг устувор йўналиши, балки ўз мамлакати ҳар бир ватанпарварининг асосий вазифаси эканини таъкидлади. У ёшларни ватанпарварлик туйғусини юксалтириш учун тожик халқининг анъаналари билан таништириш зарурлигини таъкидлаб, мамлакат ҳукумати ташаббусини ҳам эслатди: ҳар бир оилага форс адабиёти классики Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” поэмаси ҳамда шарқшунос олим ва Тожикистон қаҳрамони Бобожон Ғофуровнинг “Тожиклар” китобини совға қилиш.
Раҳмон, шунингдек, мустақилликка эришилгани ва 1992-1997 йиллардаги фуқаролар уруши тугаганидан кейин мамлакатда камбағалликни қисқартириш ва инфратузилмани барпо этиш борасида эришилган муваффақиятларни қайд этди.
LiveБарчаси