Тожикистон Қозоғистоннинг айбловларига жавоб қайтарди
Олам
−
07 Январь 2023
114982022 йилнинг январида Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликларга Тожикистон фуқароларининг алоқадорлиги ҳақидаги фактлар тасдиқланмади. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохин Самади ТАССга маълум қилди.
Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов жорий йилнинг 5 январь куни парламент қуйи палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқида 2022 йил январидаги тартибсизликларда бошқа давлатлар фуқаролари иштирок этганига ишора қилди. Унинг қайд этишича, гумонланувчилар орасида Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.
“Тожикистон Республикаси фуқаролари Қозоғистонда 2022 йил январида содир бўлган оммавий тартибсизликларда иштирок этмаган”, дейди ТИВ вакили.
Унинг қайд этишича, Тожикистон томони Қозоғистон томонидан ўз фуқароларининг ушбу тадбирларда иштирок этиши фактлари ҳақида расман маълумот олмаган.
“Бундан ташқари, Қозоғистон прокуратурасига таяниб, оммавий ахборот воситаларида маълумотлар тарқалгач, Тожикистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари қабул қилувчи давлатнинг тегишли тузилмаларига мурожаат қилди ва бу фактлар тасдиқланмади”, дея таъкидлади суҳбатдош.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қозоғистондаги “қонли январь” фожиаларида Қирғизистон фуқаролари иштирок этганини рад қилганди. Ҳозирча Россия ва Ўзбекистон бу айбловга нисбатан жавоб қайтаргани йўқ.
2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида ахборот берди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳодисалар оқибатида 238 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
LiveБарчаси