Қозоғистондаги “Қонли январь” воқеаларида ўзбекистонликлар ҳам қатнашгани маълум бўлди
Олам
−
05 Январь 2023
5957Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов мамлакатдаги январь тартибсизликларида қайси давлат фуқаролари иштирок этганини маълум қилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
“Оммавий тартибсизликларда ва бошқа жиноятларда иштирок этганликда гумонланувчи сифатида хорижликлар ҳам тан олинган. Улар орасида Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бор”, дейди Асилов.
Қайд этилишича, ҳибсга олинганлар орасида бузғунчи диний оқимларнинг саккиз нафар тарафдори ҳам бор.
Унинг сўзларига кўра, жиноятчилар орасида одамларни ўз сафига жалб қилган, қуролланган, рация ва транспорт воситалари сотиб олган уюшган жиноий гуруҳлар ҳам бор.
Асиловнинг қўшимча қилишича, бу қўпорувчилик ҳаракатини алоҳида хавфсизлик кучлари назорат қилгани ҳам аниқланган.
Аввалроқ Олмаотада “қонли январь” воқеалари қурбонлари хотирасига ёдгорлик очилганди.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олмаотага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилди, қурол-яроғларни олиб кетди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади.
БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти дан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь