Тожик-қирғиз можароси: Отунбаева отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтмоқда
Олам
−
03 Май 2021
128802010 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида юз берган воқеалар вақтида мамлакат Президенти бўлган Роза Отунбаева ватандошларига мурожаат йўллади. Мурожаат "AKIPress" нашрида эълон қилинди.
“Қадрдон ватандошларим бугун бошимизга оғир синов тушди. Ватанимиз яхлитлигига таҳдид пайдо бўлди. Ерларимизга босқинчилар бостириб кирди, уйларни ёқишди, одамларимиз қонини тўкишди. Яқинларини йўқотганларга қалбимда чуқур қайғу билан ҳамдардлик билдираман. Бардам бўлинг! Сизларнинг қайғуингиз бутун қирғиз халқининг йўқотиши. Сизлар ёлғиз эмассиз, биз, бутун Қирғизистон сиз билан”, деган собиқ Президент халққа йўллаган мурожаатида.
Роза Отунбаева Президент Садир Жапаров, ҳарбийлар, шунингдек, дипломатлар барча чораларни кўраётганига ишонтирган.
“Вазият бугун ҳам оғир бўлиб қолмоқда. Ҳамон душманлик олови кучайиш ва тўқнашувлар бошланиш хавфи сақланиб қоляпти. Шу муносабат билан, сизларни огоҳ бўлишга, бирликни йўқотмасликка ва сабрли бўлишга чақираман”, деган собиқ давлат раҳбари.
Отунбаева одамлардан бир-бирига ёрдам беришни сўраб, кўплаб тадбиркорлар, бирлашмалар, алоҳида фаоллар, жамоат ташкилотлари, шу жумладан, унинг фонди ҳам Боткенга инсонпарварлик ёрдами жўнатганини қўшимча қилган.
“Отишмалар тўхтатилиши билан давлат ҳисобига барча ёниб кетган биноларни тиклашимиз керак, биринчи навбатдан уйларни. Бизнинг Боткен, албатта, ривожланиши керак”, дейди Отунбаева.
У сўзида давом этиб, юз берган тўқнашувлар давлатлараро характерга эга эканини, воқеалар халқаро муносабатлар билан алоқадорлигини таъкидлади.
“Вазият кескинлашишига йўл қўймаслик учун барча сўзи ва ҳаркатларида жуда эҳтиёткор бўлиши керак. Содда қилиб айтганда кўплаб мураккаб масалаларни томонлар билан ёпиқ эшиклар ортида, ишончли муҳитда муҳокама қилиш ва қарор чиқариш керак. Ҳозир мамлакат раҳбарияти, ҳукумат ва дипломатик корпус тўлиқ самарадорлик билан ишламоқда. Мен ҳам ўз тажрибамдан келиб чиқиб, ёрдам беряпман”, деган Отунбаева.
Собиқ Президентнинг сўзларига кўра, юзага келган вазиятни тугатиш устида ишлар олиб бориляпти, барча муҳим маълумотлар БМТ бошлиқ халқаро ташкилотларга тақдим этиляпти.
“Бу ерларда минг йилдан бери яшаб келаётган қўшни давлатларнинг можаролари четдан келган куч томонидан бир кунда ҳал бўлади деб ишонаётганлар адашяпти. Биз бир-биримизни диққат ва сабр билан тинглаб, ҳиссиётга берилмасдан, кўп асрлик дўстлигимизга суяниб келишувга эришишимиз мумкин”, дейди Отунбаева муаммонинг ечими ҳақида гапириб.
Шу сабабдан собиқ Президент томонларни ўзаро мулоқотда ўйламасдан қатъий талаб қўйиш, нотўғри мулоҳазалардан сақланишга чақирган.
Аввалроқ Қирғизистонни 2010-2011 йиллларда вақтинча бошқарган собиқ Президент Роза Отунбаева Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиевга қора қутини (2010 йилнинг апрель-июнь ойларида Қирғизистонда юз берган воқеалар назарда тутилган – таҳр.) очмаслик ҳақида маслаҳат берганди.
Отунбаевага кўра, 2010 йил 7 апрель куни Қирғизистонда юз берган инқилоб мамлакатнинг ўша вақтдаги Президенти Курманбек Бакиев олиб борган адолатсиз сиёсатнинг меваси эди.
LiveБарчаси