Тожик-қирғиз чегарасида оммавий жанжал: тафсилотлар маълум қилинди

Олам

image

Қирғиз-тожик чегарасида икки мамлакат мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий жанжал келиб чиққани ҳақида хабар бергандик. Бунинг оқибатида 4 нафар ўқувчи жароҳат олиб, шифохонага ётқизилганди. Маълум бўлишича, жанжал Қирғизистон фуқаролари томонидан бошланган. Бу ҳақда “Спутник Таджикистан” нашри хабар бермоқда

Қайд этилишича, Қирғизистоннинг Боткен вилоятида яшайдиган бир гуруҳ аҳоли Тожикистоннинг Исфара тумани Чорку маҳалласи Сомониён қишлоғидан ўтаётган вақтда тожикистонлик мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарига тош отган. 

Тожикистоннинг шимолида жойлашган Исфара марказий шифохонаси воқеа оқибатида Сомониён қишлоғининг 64-мактаби 3 нафар ўқувчиси жароҳат олгани ҳақида ахборот берган. Шунингдек, яна бир фуқаро ва унинг ўғли мияси чайқалгани учун даволанмоқда. 

Ўз навбатида, Қирғизистон томони ҳам воқеа тафсилотлари ҳақида маълумот берган. Боткен вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматига кўра, можаронинг дастлабки сабаби икки Республика мактаб ўқувчилари ўртасидаги тўқнашув бўлган. Қирғиз расмийлари тожикистонлик ўқувчилар биринчи бўлиб боткенлик мактаб ўқувчиларига ҳужум қилганини айтмоқда. 

“Кейинроқ бу ўқувчиларнинг қариндошлари қирғизларга ҳужум қилиб, икки тожик мактаб ўқувчиси ва уларнинг ота-онасини урган”, дейилган ҳокимлик Матбуот хизмати хабарида. 

Қайд этилишича, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси Қирғизистон чегара хизматлари ва оммавий ахборот воситаларини фактларни бузиб кўрсатганликда айбламоқда. 

Нашрнинг таъкидлашича, воқеадан кейин Боткен ва Исфара раҳбари музокара ўтказиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришга ва айбдорларни жазолашга келишиб олган.

Тожик-қирғиз можароси

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги “Головной” сув олиш жойидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ўртасида тўқнашув содир бўлди. 29 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари давом этди. 

1 май куни томонлар отишмани тўлиқ тўхтатиш ва чегарадан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олишга муваффақ бўлди. Худди шу куни тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг