Тожга хиёнат: Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл можароли интервью берди
Олам
−
10 Март 2021
9119Аввалроқ, Британия шаҳзодаси Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл машҳур америкалик телебошловчи Опра Уинфри билан суҳбатлашгани ҳақида хабар бергандик.
Интервьюни Тошкент вақти билан 8 мартга ўтар кечаси Американинг CBS
телеканали, 9 мартга ўтар кечаси Британиянинг ITV телеканали намойиш этган.
Норасмий маълумотларга кўра, ушбу каналлар интервью трансляцияси ҳуқуқи учун жами камида 8,4 миллион доллар тўлаган. Ушбу трансляция АҚШда 17 миллион кишининг, Буюк Британияда 12 миллион кишининг эътиборини тортган. Суҳбат шов-шувга айланган ва ҳозирда бутун дунёда муҳокама қилинмоқда.
Жуфтлик Опра Уинфрига тўйларининг расмий маросимидан уч кун олдин яширинча турмуш қуришгани, қироллик оиласининг баъзи аъзолари уларнинг ўғли Арчининг қорамағиз бўлиб туғилишидан хавотирда бўлгани, болага шаҳзода унвони берилмагани, британия таблоидлари Меганни таъқиб қилгани, Меганнинг ўз жонига қасд қилишни ўйлагани ҳақида гапириб берган.
Шунингдек, суҳбат давомида уларнинг қироллик вазифаларидан воз кечишлари Гаррини отаси шаҳзода Чарльз билан зиддиятга келтиргани ва акаси шаҳзода Уильямдан ажратиб қўйгани ҳам маълум бўлган.
Шаҳзодага кўра, қироллик оиласи Гарри ва Меганни молиялаштиришни тўхтатган, шунинг учун улар Netflix ва Spotify корпорациялари билан шартнома тузган.
Суҳбат давомида уларнинг кутаётган фарзандлари жинсига ҳам аниқлик киритилган. Ҳозирда бир нафар ўғил фарзанди бўлган жуфтлик шу йил ёзда қизли бўлади.
Шунингдек, Меган Маркл журналистга эрининг акаси шаҳзода Уильям ва унинг рафиқаси Кейт Миддлтон билан жанжаллари ҳақида тарқатилган миш-мишлар ёлғон эканини айтган.
Сассекс герцогиняси овсинидан ҳеч қачон жаҳли чиқмаганини таъкидлаган.
Шунингдек, Меган Қиролича Елизавета II ва эрининг бошқа оила аъзолари унга жуда яхши муносабатда бўлганини, аммо унга саройдан чиқишга рухсат берилмагани ҳамда "паспорти ва машинасининг калитлари олиб қўйилгани" сабабли у ўзини жуда ёлғиз ҳис қилгани ҳақида гапирган.
Меган Марклнинг ўгай синглиси Саманта Маркл доимо ОАВга Сассекс герцогиняси ҳақида ёқимсиз изоҳлар бериб келади ва у ҳақида бутун ҳақиқатни очиб берадиган китоб ёзишга ҳам ваъда берган.
Меган Марклнинг таъкидлашича, улар 18 йилдан бери бир-бирларини кўрмаган ва йиллар давомида алоқа қилмаган.
Бундан ташқари, Саманта опасининг шаҳзода Гарри билан муносабатлари ҳақида маълум бўлгандан сўнг Маркл фамилиясини олган.
Меган Марклнинг сўзларига кўра, у Самантанинг сўзларидан хафа эмас, аммо отасининг матбуотга айтадиган ёқимсиз изоҳлари унинг дилини оғритади.
YouGov томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Буюк Британиянинг деярли ярим аҳолиси (47 фоиз) америкалик телебошловчи Опра Уинфри билан очиқ суҳбатда шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг сўзларини ноўрин деб атаган. Британия ОАВ бир овоздан бу жуфтликка қарши чиққан.
"Daily Mail" ушбу интервьюни "қироллик оиласининг юрагига аёвсиз зарба", деб атаган.
Қироллик оиласи ҳақидаги китоблар муаллифи Пенни Жунор Меган Маркл ва шаҳзода Гаррининг интервьюсини тожга хиёнат сифатида кўрган.
Елизавета II ушбу интервьюдан сўнг ОАВда чоп этилиши керак бўлган, олдиндан тайёрланган матнга имзо чекишдан бош тортган.
Матнда қироллик оиласи Меган Маркл ва шаҳзода Гаррини яхши кўргани ва улар учун ташвишланиши ҳақида ёзилган.
Хабарларга кўра, интервью чиққанидан кейин саройда туну-кун инқирозли музокаралар олиб борилмоқда.
Инсайдерларнинг таъкидлашича, қироллик оиласи Эдуард VIII ажрашган америкалик аёлга уйланиш учун тахтдан воз кечганидан бери 85 йил ичидаги энг даҳшатли инқирозга юз тутмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, саройдагиларнинг барчаси "мутлақо хафа" ва Меган Маркл ва шаҳзода Гаррининг қайтиб келиши ҳақида энди гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
LiveБарчаси