Шаҳзода Гарри отаси ҳақидаги саволга жавоб бермади
Олам
−
21 Апрель 2022
6281Буюк Британия шаҳзодаси Гарри “Today” нашрига берган интервьюсида отаси ҳақида гапиришни хоҳламади.
Гарридан отаси шаҳзода Чарльз ва акаси шаҳзода Уильямни соғинган ёки соғинмаганлиги ҳақида сўралган. Ушбу саволга герцог ноаниқ жавоб берган.
“Айни дамда бор эътиборимни шу йигитлар (“Енгилмас ўйини”да иштирок этаётган спортчилар бўлиши мумкин) ва уларнинг оилаларига қаратганман. Мен уларга қўлимдан келганини бераман. Умр бўйи улар билан қоладиган тажрибага эга бўлишларига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайман. Менинг диққатим шу ерда. Бу ердан кетганимда, жуда соғинган оиламга эътибор қаратаман”, деган герцог.
Шаҳзода Гарри, шунингдек, рафиқаси Меган Маркл билан бувиси қиролича Елизавета II нинг Платина юбилейида қатнашиш-қатнашмаслик ҳақида ҳали қарор қилмаганини айтган.
“Ҳали билмайман. Турли хил нюанслар, хавфсизлик муаммолари ва бошқа нарсалар мавжуд. Ҳозир мен болаларимни у билан таништиришга ҳаракат қиляпман”, деган герцог.
Маълумот ўрнида, шаҳзода Гарри ва Меган Маркл жорий йил апрель ойининг ўрталарида қироллик оиласи аъзоларини зиёрат қилиш учун Лондонга ташриф буюрган. Айтилишича, Гарри ва унинг оиласининг ташрифидан ҳамма ҳам хурсанд бўлмаган. Шаҳзода Чарльз ҳам кенжа ўғлининг келганидан хафа бўлгани айтилмоқда.
Ҳозирда шаҳзода Гарри рафиқаси ва икки фарзанди билан Санта-Барбара (АҚШ) шаҳрида яшайди. 2020 йилда Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласи билан келишган ҳолда “Зоти олийлари” унвонига ва SussexRoyal брендига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб, расмий қироллик вазифаларидан воз кечганликларини эълон қилганди.
LiveБарчаси