Пандемия табиатнинг бизга берган кескин жавоби – Рим Папаси
Олам
−
09 Апрель 2020
6599Рим Папаси Франциск коронавирус пандемиясини одамларнинг экологик инқирозни эътиборсиз қолдирганига қарши жавоб чораларидан бири деб ҳисоблайди. Бу ҳақда, “Rambler” хабар берди.
“Биз офатлардан хулоса чиқармадик. Ҳозир Австралиядаги ёнғинлар ҳақида ким хавотир билан гапиряпти ёки 18 ой олдин барча музликлар эриб кетганлиги сабабли қайиқлар Шимолий қутбни кесиб ўтиши мумкинлиги ҳақида ўйлайдими? Ҳозир тошқинлар ҳақида ким гапиряпти?”, дейди Папа.
Францискнинг фикрича, коронавируснинг тарқалиши одамларнинг табиатга масъулиятсиз муносабати туфайли рўй берган.
“Бу табиатнинг қасоси бўлганми ёки йўқми, билмайман, лекин бу табиатнинг бизга кескин жавобидир”, дейди Ватикан раҳбари.
У, шунингдек, баъзи давлат раҳбарларининг 1933 йилдаги Гитлернинг нутқларини эслатадиган популистик баёнотларидан хавотирда эканини билдирди. Унинг фикрича, ушбу раҳбарлар иккиюзламачидир.
“Дунё инқирозга юз тутиши мумкинлиги ва очлик муаммоси ҳақида гапираётган, аммо шу билан бирга қурол ишлаб чиқаришни йилдан йилга ошираётган баъзи иккиюзламачи сиёсатчилар мени хавотирга солмоқда” дейди Франциск.
Папанинг фикрига кўра, дунё ишлаб чиқариш ва истеъмол суръатларини пасайтириши ва табиатни тушунишни ўрганиши керак.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирус билан боғлиқ 1 484 811 ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 329 876 нафари соғайган. 88 538 нафари эса вафот этган.