Тошкентнинг айрим кўчалари 3 кунга ёпилади
Жамият
−
13 Июнь 2992 1 дақиқа
Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилиши муносабати билан жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Чекловлар қуйидаги ҳудудларда амал қилади:
- Ислом Каримов кўчаси: Ислом Каримов ва Шароф Рашидов кўчалари чорраҳасидан Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари чорраҳасигача;
- Янги Ўзбекистон кўчаси: Махтумқули, Темур Малик ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги кўприкдан Янги Ўзбекистон ва Истиқлол кўчалари чорраҳасигача;
- Ислом цивилизацияси марказига туташ ҳудудда: Шароф Рашидов ва Абдулла Қодирий кўчалари чорраҳасидан, сўнгра Абдулла Қодирий ва Хуросарой кўчалари бўйлаб Хуросарой ва Нурафшон кўчалари чорраҳасигача.
Йўл ҳаракати иштирокчилари учун айланма йўналишлар ташкил этилади. Истисно тариқасида фавқулодда ва тезкор хизматларнинг махсус транспорт воситаларига ҳаракатланишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, форум ўтказиладиган кунларда юк транспортлари Тошкентга киритилмайди. Ҳаракат Тошкент вилоятининг айланма йўллари бўйлаб амалга оширилади.
Live
Барчаси