Тошкентдаги мактабларда сил касаллиги тарқалгани айтилмоқда

Саломатлик

image

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 59-, 82- ва 115-мактаб ўқувчилари орасида сил касаллиги тарқалган бўлиши мумкин. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан мурожаатлар келиб тушди.

Айтилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бу ҳолатдан хабари бор ва аллақачон мактабда дезинфекция ишларини олиб борилган. Аммо вазирлик бу ҳақдаги расмий ахборотларни яширмоқда.

“Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактабда учта болам ўқийди. Лекин бизнинг бу мактаб вақтинчалик таъмир туфайли ҳозирда ёпилган. Сентябрь ойидан бери 59-мактабда ҳеч ким ўқимаяпти. Юқори синф ўқувчиларини 82-мактабга, бошланғич синфларни эса 115-мактабга олиб ўтишди. Янги йилдан кейин 82-мактаб ўқувчиларига бирданига ниқоб тақтиришди. “Ниқоб тақинглар, ниқоб тақинглар” деб қаттиқ тайинлаш бошланди. Агар ниқоб тақилмаса, бирданига жарима қилинар экан, деб қизим келди. Нимага бирданига ниқоб тақиляпти, деб ҳайрон қолдим. Кейин билсак, туберкулёз чиқибди мактабимиздан”, деди ота-оналардан бири.

Унинг сўзлаб беришича, ота-оналардан жамоат диспансерига бориш, фарзандларини бепул кўрикдан ўтказиш талаб қилинган.

“59-мактабданмиз, десак, тезда қабул қилишар экан. Мен болаларни мактабга юбормайман дедим. Мактаб бу ҳақида бизга умуман маълумот бермади. Кейин сиртдан диспансерга бордим. Учта болани кўрикдан ўтказишга борсам, шифокорлар мактабдан туберкулёз аниқланганини тасдиқлади.

Барча ташкилотларга хабар берилган экан, лекин мактаб маъмурияти бу масалада бефарқлик билан қараётган экан. Бош врачнинг айтишича, улар бу масалада мактаблар раҳбариятидан чора-тадбирлар кўришни сўраган. Лекин улар масъулиятсизлик билан одамлар ҳаёти ҳақида етарли даражада ғамхўрлик кўрсатмаган”, дея маълум қилди мурожаатчи.

"Ҳозиргина Шайхонтоҳур туман СЭС’нинг бош шифокори билан гаплашдим туберкулёз масаласида. Икки ҳолат аниқланган экан: бири ўқитувчилардан ва бири бошқа киши. Ҳозирги ҳолатда улар алоҳида ажратилиб, кузатувга олинганини айтишди. Барча ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиши керак экан, лекин ўқувчилар тўлиқ тиббий текширувдан ўтишга дуч келмаган. Мактабни тўхтатиш эса уларнинг низомида бундай ҳолатда назарда тутилмаган, балки оммавий ҳолатлар аниқланганда мумкин экан. Иссиқ кийинтириб, болаларнинг иммунитетини кўтариш орқали уларни ҳимоялаш кераклигини таъкидлаб, касалликка қарши курашни давом эттиришни айтишди”, деган бошқа бир ота.

Аммо ота-оналарга айтилган касалланганлар сони кўп ўтмай яна ошган. Энг сўнгги маълумотларга кўра, иккита ўқитувчи ва тўртта ўқувчида сил касаллиги аниқланган. Ўқитувчилар ўзларининг касалланганини билмасдан 82-мактабда ҳам, 115-мактабда ҳам дарс ўтишда давом этгани айтилмоқда. Ота-оналар гуруҳидаги ёзишмалардан сўнггина бу ҳақдаги эътирозлар юзага чиқа бошлаган.

Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Дилфуза Ҳикматовага хат билан чиқдим, шикоят хати билан Telegram'да уларга ёздим. Агар душанба куни ёзган бўлсам, душанба одам жўнатди, сешанба дезинфекция қилишди.  Ҳозирда менинг болаларим шанба кунидан бери уйда, дарсга бормаяпти. Кейин сешанба куни карантинга ёпинглар, инфекцияни яхшилаб тозаланглар, кейин болалар боради десам, “йўқ” дейишди. Бу бир пасда бизнинг қўлимизда эмас, таълим вазирлиги рухсат бермаяпти, ҳеч қандай асос йўқ дейишади.  Олтита одамга юққани асос эмасми, дедим. Ҳа, олтита одам умумий ахир. Ўша ерда мажлис қилишибди, бир кунлик дезинфекция қилишди, лекин кўнглим яна тўлмади”, деди ўқувчилардан бирининг онаси.

QALAMPIR.UZ ихтиёрида Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Дилфуза Ҳикматованинг ҳақиқатдан ҳам ота-оналар билан мазкур мавзу бўйича гаплашгани, мактабларни дезинфекция қилдиргани акс этган ёзишмалар бор.

Бундан ташқари, ота-оналар Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказига ҳам ҳолат бўйича хабар беришган. Аммо улар ҳам бу ишни назоратга олишларини айтган-у ҳеч қандай амалий ишларни бажармаган.

“Менга эпидемиология маркази ходимлари мактабни ёпа олмаслигини айтишди. Уларнинг айтишича, бунга асосий сабаб ўқитувчиларнинг маошсиз қолишидир. Уларнинг ҳеч бири буни бўйнига олгиси келмаяпти. Шунинг учун мактаб ёпилмайди ва ўз вақтида ишлашда давом этишини айтди менга. Ўқитувчиларнинг ойлигини менга ҳавола қилдилар. Бу умуман ақлга тўғри келмайдиган нарса. Ўқитувчилар умуман болаларга ва ота-оналарга огоҳлантирмасдан, фақат директор ўқитувчиларни кўрикдан ўтказиш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқмоқда. Лекин ташқаридан билмаганмиз, мана бошқа ота-оналарга ўхшаб кўпчилик ёзмоқда. Менга ростдан шундай эканми, нима эканлигини билишмайди. Кўп ота-оналар билмайди, шунинг учун мактаб юз фоиз текширувдан ўтмаган, ёпиб турилиши керак”, демоқда ота-оналар

Яна бир ўқувчининг онаси эса ўзи ҳам шифохонада ҳамшира бўлиб ишлашини маълум қилиб, Тошкент бўйича барча шифохоналарда ҳозир шу муаммо муҳокама этилаётганини айтди. Шайхонтоҳур туманидаги 59-, 82-, 115-мактаб ўқувчиларнинг ота-оналари мактабларда жиддий текширув олиб борилиши, бордию касаллик авж олгани аниқланса, масъуллардан тезкор чоралар кўришни талаб қилмоқда. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат юзасидан тегишли давлат ташкилотлардан муносабат кутиб қолади.

Маълумот учун, туберкулёз яъни содда қилиб айтганда сил –  mycobacterium tuberculosis бактерияси томонидан чақириладиган, кенг тарқалган ва ҳар йили миллиондан ортиқ одамни дунёдан олиб кетувчи касаллик. Ҳаво-томчидаги бактерия нафас йўллари орқали организмга киради. Сўнг бронхлар шиллиқ қавати ва алвеолаларга ўтади ҳамда қон орқали бутун танага тарқалади. Силнинг ўпка ва ўпкадан ташқари турлари мавжуд. Ўпкадан ташқари кечувчи туберкулёз буйрак, суяк, тери ёки нерв тизими фаолиятига шикаст етказиши мумкин. Касаллик одатда иммунитети паст, сурункали хасталиклар билан оғрийдиган, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилувчи ва кўп вақт стрессда бўладиган одамларга осон юқади. Туберкулёз билан оғриган беморларда йўтал, иситма, қонли йўтал, кўкрак қафасидаги оғриқ, қаттиқ терлаш ва заифлик симптомлари кузатилади. Касаллик айниқса болаларда фаолроқ кечади ва лимфа тугунларининг катталашиб оғриши, терининг оқариши, уйқу бузилиши, фикр тарқоқлиги, кайфиятнинг кескин ўзгариб туриши каби белгиларни намоён қилади. Тадқиқотларга кўра, микроб билан зарарлангани заҳоти беморда симптомлар пайдо бўлмасдан касаллик яширин тарзда кечиши мумкин. Зарарланишдан кейин организмда иммунитет ҳолатига қараб касаллик белгилари 2-3 ойдан бир йилгача муддатда ўзини намоён қилиши мумкин. Жиддий симптомларига қарамасдан, замонавий тиббиёт туберкулёзни бутунлай даволай олади. Шундай бўлса-да, одамлар имкон қадар ўзларини муҳофаза қилишлари, касалланганлар билан масофа сақлаши ва гигиена қоидаларига амал қилиши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Шайхонтоҳур сил Мактабгача ва мактаб вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг