Тошкентдаги кафе атрофини сичқон босди
Жамият
−
17 Август
20978Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги “Минор” метро бекати атрофида сичқон юргани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, Санэпидқўмита туман бўлими ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган. Шунингдек, сичқон юрган ҳудуд атрофида ширинликлар билан шуғулланувчи кафе мавжудлиги сабабли ҳудудда зарарсизлантириш (дезинфекция, дезинсекция ва дератизация) ишлари амалга оширилган.
“Шаҳар шоҳ кўчаларини дезинфекция қилиш, шунингдек, ирригация тармоқларида тозалаш, чиқиндиларни вақтида олиб кетиш ишлари туман Ободонлаштириш бўлимлари томонидан олиб борилиши лозим. Хусусан, кўп қаватли уйлар ва тадбиркорлик шохобчаларини зарарсизлантириш ишлари дезинфекция ташкилотлари томонидан шартнома асосида амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Чилонзор” метро бекати яқинида ҳам каламушларнинг юргани акс этган видео тарқалганди. Ҳолатнинг келиб чиқишига фуқаролар томонидан чиқиндиларни махсус жойларга ташламаслик сабаб бўлган.
LiveБарчаси