Тошкентдаги қурилиш моллари бозорида ёнғин чиқди

3-саҳифа

Бугун, 21 феврал куни тонг саҳарда Учтепа туманидаги Қовунчи кўчасида жойлашган қурилиш моллари бозорида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жиддий моддий зарар етди, 200 квадрат метр майдондаги ойна ва эшик маҳсулотлари ёниб, зарарланди.

Ёнғин бозорда фаолият юритувчи тадбиркорларга катта молиявий зарар етказди. Кўпчилик расман гапиришга иккиланди, аммо баъзилари “ёнғиннинг сабаби шамол туфайли электр симларининг бир-бирига тегиб кетиши”  дея ҳодисанинг келиб чиқиши ҳақидаги фикрларини билдирди. 

“17 та дўкондан 10 таси кулга айланди ва менга етган моддий зарар 100 миллион сўмгача”, дейди жабрланган тадбиркорлардан бири.

Соат 05:09 да бошланган ёнғинни ўчириш учун қутқарув бўлинмалари воқеа жойига юборилиб, соат 05:18 да етиб келган. Ўт ўчирувчилар соат 06:00 га қадар ёнғинни ўраб олиб, бутунлай ўчиришга муваффақ бўлди ва бозорнинг 2000 квадрат метр майдонини сақлаб қолишди. Тан жароҳати олганлар бўлмасада, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмийси хавфсизлик борасида жиддий камчиликлар мавжудлигини таъкидлади.

“Бозор маъмурияти томонидан ёнғин хавфсизлиги учун шароитлар яратилмаган ва хавфсизлик чоралари кўрилмаган”, дея таъкидлади Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари майор Зухриддин Қурбонов.

Хулоса қилиб айтганда, Учтепа туманидаги бозорда содир бўлган ёнғин катта миқдордаги мулкий зарарга олиб келди, аммо яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади. Тадбиркорлар ёнғинга об-ҳаво шароити туфайли юзага келган электр носозлиги сабаб бўлганини тахмин қилаётган бўлса-да, расмий баёнотларда бозор маъмурияти томонидан ёнғин хавфсизлиги чораларининг кўрилмаганлиги кўрсатилмоқда. Бунинг бевосита оқибати ўлароқ, аниқланган барча камчиликлар бартараф этилмагунча, бозорнинг электр таъминоти уч кун муддатга узиб қўйилди. Ушбу ҳодиса келажакдаги фалокатларнинг олдини олиш ҳамда одамлар ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилиш учун ёнғин хавфсизлигининг қоидаларига қатъий риоя қилиш ва уларни амалга оширишнинг муҳимлигини яна бир бор кўрсатади.

Беҳзод Шамсутдинов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тошкент ёнғин моддий зарар қурилиш моллари бозорида

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг