Тошкентдаги икки меҳмонхона хусусийлаштирилди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида жойлашган International ҳамда Lotte City Hotel меҳмонхоналаридаги 100 фоизлик давлат улуши сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги International меҳмонхонаси 26 миллион долларга “Smart Fast Stroy” МЧЖга сотилган. Инвестор ушбу суммадан ташқари меҳмонхонанинг тегишли банк олдидаги 14,7 миллион евролик кредитини ҳам ўз зиммасига олган, шунингдек, 41 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритиш мажбуриятини олган.

Меҳмонхонани сотиб олган ушбу МЧЖ 2023 йил август ойида рўйхатдан ўтказилган. 2023 йил 21 декабрь ҳолатига кўра, Smart Fast Stroy компаниясининг ягона таъсисчиси ва раҳбари Муҳиддин Усмон ўғли Муҳиддинов бўлган, ҳозирда эса МЧЖ Александр Валерьевич Захарянга тегишли, компания раҳбари сифатида Темур Зокиров кўрсатилган. Александр Захарян Octo, Octopay, Octotelecom, Octo Games, Octo SMP, Octo Integro ва Finance Invest Brok компанияларининг ҳам эгаси ҳисобланади.

International меҳмонхонасини сотиб олишга 6 та компания қизиқиш билдирган, лекин улардан фақат 3 таси мажбуриятга эга таклифлар йўллаган. Хусусийлаштириш жараёнига консултант сифатида Deloitte, мустақил баҳоловчи сифатида Ernst & Young жалб этилган. Агентликка кўра, 26 миллион долларлик нарх – Ernst & Young баҳолаган қийматдан сезиларли юқори, Deloitte берган қийматлар диапазонининг юқори қисмида жойлашган.

Юнусобод туманида жойлашган яна бир меҳмонхона – Lotte City Hotel Tashkent эса 20 миллион доллар таклиф қилган Alfa Invest суғурта компаниясига сотилган.

Расмий хабарда айтилишича, объектни хусусийлаштиришга 15 та компания қизиқиш билдирган, аммо улардан фақат 3 таси мажбуриятга эга бўлган таклифлар билан чиққан.

“Lotte” меҳмонхонаси ташқи кўринишининг архитектура қиёфасини инобатга олган ҳолда келгусида ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишларини Қурилиш вазирлиги ва Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳолда амалга ошириш бўйича қатъий талаб қўйилган ва инвестор бу талабни қабул қилган.

Давлат мулкини сотишда KPMG консультант бўлган, Deloitte мустақил баҳолашни амалга оширган. 20 миллион долларлик нарх – Deloitte баҳолаган қийматдан юқори, KPMG берган қийматлар диапазонининг юқори қисмида жойлашгани айтилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

International Lotte City Hotel

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг