Тошкентдаги боғчаларда болалар коронавирусни қаердан юқтириб олгани маълум бўлди
Жамият
−
16 Март 2021
25380Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги Мактабгача таълим ташкилотларида ҳам коронавирусга чалинган беморлар аниқланаётгани ҳақида хабар берган эдик. Маълумотларга кўра, мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига ва шифокорга коронавирус инфекцияси МТТ тарбиячиларидан юққан. Бу ҳақда бугун, 16 март куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 36-сессиясида сўз очилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўттиз олтинчи сессия иштирокчиларига қилган маърузасидаги маълумотларга кўра, учта туманда карантин қоидаларига масъулиятсизлик билан қараш касалликнинг кенг тарқалишига олиб келган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 март куни Юнусобод туманида жойлашган болалар (ёки таълим) муассасаси тарбиячиси Р.М.да коронавирус инфекцияси аниқланган. Эпидемиологик суриштирув натижасида тарбиячи хонадонида коронавирус инфекцияси билан касалланган бемор бўлишига қарамай, у карантинга риоя этмасдан иш жойига бориб ишлаган ва натижада 11 март куни эпидемиологик кўрсатмага асосан муассасанинг тарбиячи ва тарбияланувчиларидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганида, 13 март куни 2 нафар тарбиячида, шифокорда ва 1 нафар тарбияланувчида коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳозирда бу иш Тошкент шаҳар Прокуратурасининг назоратига олинган.
Шунингдек, жорий йилнинг 5 март куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган таълим муассасаси тарбиячиси М.М.нинг қайнотаси Зангиотадаги шифохонага коронавирус инфекцияси ташҳиси билан етказилган ва 7 март куни вафот этган. 9 март куни жаноза пайтида мазкур таълим муассасасининг бир неча ходимлари иштирок этган ва бу билан муассаса тарбияланувчиларининг соғлиғини хавфга қўйган.
Олий таълим муассасаларидаги вазият эса бироз бошқачароқ. Олмазор туманида жойлашган олий таълим муассасасига қарашли ётоқхонада ҳам 3 нафар талабада бир неча кундан буён тана ҳароратининг кўтарилиши, томоқ оғриғи ва ҳолсизлик белгилари бўлганлиги сабабли, талабалардан 11 март куни коронавирус инфекциясига тест таҳлил суртма намуналари олинган. Жорий йилнинг 13 март куни олий таълим муассасасининг тегишли факультетида касаллик аломати мавжуд бўлмаган 4 нафар талабасида касаллик аниқланган.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг сессиясида мутассади ташкилотлар раҳбарларига қатор кўрсатмалар берилиб, Тошкент шаҳрига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штабининг қарори қабул қилинган.
Унга кўра:
• коронавирус инфекцияси аниқланган оилаларда карантин талабларига риоя этмаган фуқароларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилади;
• аҳоли орасида COVID-19 кенг тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган оммавий-маданий тадбирлар ўтказилишида карантин талабларига қатъий риоя этилиши назоратга олинади;
• спорт мусобақаларини томошабинларсиз ўтказилиши чоралари кўрилади;
• эпидемиологик вазият ёмонлашган тақдирда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиб туриш юзасидан Республика Махсус комиссиясига тегишли таклиф киритилади.
Бу борадаги таҳлилий маълумотлар ва кўрилаётган чораларга яна тўхталамиз.
LiveБарчаси