Тошкентда журналистга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш тугатилди
Жамият
−
17 Январь
3559Аввалроқ, Тошкент шаҳрида репортаж тайёрлашга борган журналист ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз олиб кетилиб, бир неча соат давомида идорада ушлаб турилгани ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар қилгандик. Эндиликда журналистга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш тугатилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
“Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2024 йил 16 январдаги қарорига мувофиқ Михаил Довлатовнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан тугатилди”, дейди Обидов.
Маълумот учун, журналист Михаил Довлатов билан боғлиқ ҳолат 14 январь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлган. У 11-даҳада истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиши керак бўлган. Ўз навбатида, фуқаролар 150 га яқин гараж ҳамда 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қурилаётгани тўғрисида маълумот бериши режалаштирилган. Довлатов аҳоли билан соат 13:00 да воқеа жойида учрашишга келишган. Шунингдек, у ерда Учтепа тумани ҳокимлиги вакиллари, эколог ва бошқа экспертлар таклиф этилган.
Бироқ журналист автотураргоҳга киришдан 50 метр нарида бир гуруҳ эркакларга кўзи тушган.
“Уларнинг айримлари ҳуқуқ-тартибот органларининг формасида эди, шунингдек, Isuzu автозаки ҳам турарди. Улар ёнидан ўтар эканман, менга мурожаат қилишаётганини эшитиб қолдим, ўгирилганимда фуқаролик кийимидаги биттаси яна мени чақирди. Ёнига бориб, гап нимада эканини билмоқчи бўлдим. У эса бу ерда чекиш тақиқланишини айтди. Мен атрофда тамаки чекишни тақиқлайдиган бирор белги йўқлигини билдирдим. У бўлса, бу ер жамоат жойи ҳисобланиши ва бу ерда чекиш умуман мумкин эмаслигини таъкидлади…”, дейди журналист.
Шундан сўнг, ходимлар журналистни туманнинг 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борган ҳамда телефон ва техникаларини олиб қўйган. Идорада ундан нима учун митинг ташкиллаштирмоқчи экани сўралган. Довлатов бир неча соат ИИО ФМБда ушлаб турилгач, журналистга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, воқеадан хабар топган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош прокуратурага сўров хати юборганди.