Тошкентда янги ерости автомобиль йўли очилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 29 август куни Тошкент шаҳрининг Янги Ўзбекистон кўчасида барпо этилган ерости автомобиль йўлини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш – мунтазам жараён. Бу, айниқса, аҳоли сони ошиб, ҳудуди кенгайиб бораётган Тошкент учун долзарб масала. 

Маълумки, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон кўчасида истироҳат боғи, уй-жойлар, университет ва Олимпия шаҳарчаси қурилди. Бу кўча келгусида Янги Тошкент шаҳрига олиб борувчи асосий йўллардан бири бўлади. 

Шу боис, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб узунлиги 468, кенглиги 25 метр бўлган ерости автомобиль йўли барпо этилган. У соатига 10 мингдан зиёд автомобилни ўтказиш имкониятига эга.

Туннелнинг усти яшил ҳудудга айлантирилиб, “Янги Ўзбекистон” боғи билан Олимпия шаҳарчаси ўртасида пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланган.

Шунингдек, мазкур йўналишда лойиҳалаштирилган метро йўли учун туннель ва бекат ҳам қурилган. 

Билдирилишича, Янги Ўзбекистон кўчасида барпо этилган ерости автомобиль йўли машиналарнинг вақт сарфини 2 баробарга қисқартириб, кунига 1 тонна ёнилғи иқтисод қилинишига ва атмосферага чиқариладиган зарарли газлар миқдори 2 тоннага камайишига сабаб бўлади.

Давлат раҳбари ерости автомобиль йўлининг замонавий стандартлар асосида ташкил этилганига эътибор қаратди. Бу каби равон йўллар халқ учун қулайлик яратиб, туризм ривожига ҳисса қўшиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилганди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ватан фидойилари ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди. Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда уламо ва зиёлилар билан тарихни ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, мустақиллик ва тинчликни қадрлаш ҳақида мулоқот бўлди. Президент “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Мустақиллик монументи пойига гул қўйиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Шавкат Мирзиёев ерости автомобиль йўли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг