Тошкентда ўзини ўзи иш билан таъминлаган 285 минг киши солиққа тортилиши кутилмоқда
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
9840Айни вақтда пойтахт Тошкентда 95 минг киши ишсиз. 285 минг киши эса ўзини ўзи норасмий равишда иш билан таъминлаган. Ким торт пишириб сотади, яна ким массаж хизматини кўрсатади, ким репетиторлик қилади... Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар топган даромадидан солиқ тўламайди. Солиқни қўя туринг, кун келиб кексайганда, пенсияси жуда оз бўлади. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Хотамбек Шокиров ўзини ўзи иш билан таъминлаганлар учун алоҳида платформа ишлаб чиқиш таклифини билдирди.
“Уй шароитида ишлаб чиқариш ёки бўлмаса хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар жуда кўп. Репетитор, усталар, сантехник, “сварщик”, тикувчилик, қўйингки, жуда кўп фаолият турлари мавжуд. Норасмий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни расман тадбиркор сифатида тан олиш Ўзини иш билан таъминлаган тадбиркор сифатида расман рўйхатга олиш механизми бизда мавжуд эмас.
Бу борада 2019 йилдан бошлаб, Россиянинг 4 та ҳудудида – Москва шаҳри, Москва вилояти, Калуга вилояти ҳамда Татаристонда тажриба сифатида йўлга қўйилган “самозанятые” тизимини Тошкент шаҳрида ҳам тадбиқ қилишни таклиф қилар эдик”, дейди Ортиқхўжаевнинг ўринбосари.
У сўзида давом этаркан, тажрибанинг афзалликларига тўхталди. Қайд этилишича, бу тизимда рўйхатдан ўтиш жуда осон. Фуқаро мобиль илова орқали ўзини ўзи рўйхатдан ўтказади. Шу вақтнинг ўзида унга уникал рақам берилади ва ўзини ўзи банд қилган тадбиркор сифатида рўйхатга олинади. Бу орқали унда банкдан микрокредит олиш имконияти пайдо бўлади. Иши, кўрсатаётган хизмати ёки маҳсулотини ўша мобиль илованинг ўзида реклама қилиш имконияти ҳам бор.
“Айтайлик, менга кафель терувчи ёки “сварщик” керак бўлса мобиль иловага мурожаат қиламан ва уйигм аэнг яқин бўлган устани чақиришим мумкин”, деди Шокиров.
Хўш, энди масаланинг иқтисодий жиҳатларига тўхталсак. Албатта, бу хизмат солиқларсиз бўлмайди. Лекин фоизлар юқори даражада эмас, миқдор ҳақиқатан ҳам паст. Шокиров уни бор-йўғи 2% қилиш таклифини бермоқда.
“Россияда кўрсатилган хизмат ёки сотилган маҳсулотга қилинган тўловдан 4% солиқ олади. Биз эса 2% солиқ қўйишни таклиф қиляпмиз. Бу ҳам бўлса уни тадбиркорликка ўргатиш учун. Бунинг ортидан у расман ишчи бўлади, иш стажига эга бўлади ва келажакда пенсия таъминотини ҳам кафолатлаш имконияти пайдо бўлади”.
Юқорида айтганимиздек, Тошкентда 285 минг киши норасмий секторда ишламоқда. Улар статистикада ўзини ўзи иш билан таъминлаяпти деб рўйхатга олинган. Бироқ, на кредит олиши, на пенсиясини таъминлаши ва на реклама қилиши мумкин.