Тошкентда янги тадбиркорларга бинолар 1 йилга бепул берилади
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
6793Пойтахт Тошкентда “бизнес инкубатор” бинолари барпо этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хотамбек Шокиров маълум қилди.
“Тошкент шаҳрида ер чекланган, бўш турган бинолар сони ҳам кўп эмас. Ҳар бир бинода икки, боринг ана 10 та тадбиркор ҳосил бўлса, умумий ҳисобда 500 та ё 1000 та тадбиркор ҳосил бўлиши мумкин. Шу билан ер ҳам, бино ҳам тугайди. Шунинг учун таклиф бермоқчиманки, Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида “бизнес инкубатор” биноларини барпо этайлик. Бўш турган биноларни ишлатиш ёки янги биноларни барпо этиш орқали бўлғуси тадбиркорларга мана шу бинолардан фойдаланиш ҳуқуқи бир йил муддатга ижара тўловисиз берилади ва уларга ҳисобчи, юрист ва бошқа консалтинг хизматлар кўрсатилади”.
Хотамбек Шокировнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳам маъқул келди.
“Бир йил давомида тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўяди. Бундан буён Тошкентда бизнеснинг асосий йўналиши сифатида ақл сотиш белгиланди. Шу маънода биз айтаётган офисларда, тадбиркорлар ўз фаолиятини йўлга қўйиб, бир йилдан кейин учирма бўлиб чиқиб, ижарага бино олиб, тадбиркорлигини давом эттиришга мослашиши керак бўлади. Ижарага мослаша олмайдиган тадбиркор – салоҳиятли тадбиркор эмас. У яна ўз устида ишлаши керак. Бир йилдан кейин бўшаган “бизнес инкубатор”имизга эса янги тадбиркорларни жалб қиламиз”, дейди Шокиров.
Айни вақтда республикада, айниқса, пойтахт Тошкентда тадбиркорлик масалалари долзарб бўлиб турибди. Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Ушбу йиғилишда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш борасида Президент Тошкент шаҳрига жиддий эътирозлар билдирган. Шу боис Танзила Норбоева раислигида тадбиркорлик ва кичик бизнес масалаларида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўз олган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Хотамбек Шокиров “бизнес инкубатор”лар бўйича таклифини давом эттирар экан, пойтахтда ижара тизимини ривожлантириш, бунга дош берадиган тадбиркорларни кўпайтиришга тўхталди:
“Учрашувларда жуда кўп мурожаатлар бўляпти. Кам таъминланган оилалар, аёллар, йигитлар, коллежни битирган ёшларнинг тадбиркорлик қилиш нияти бор, аммо дасмаяси йўқ, биноси йўқ. Ер беринг, бино беринг деган мурожаатлар кўп. Ернинг ҳам, бинонинг ҳам чегараси бор. Агар биз “бизнес инкубатор”лардан фойдалансак, уларга ижара тизимига мослашишни ўргатсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди”.