Тошкентда ўқувчилардан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
16 июн 6171 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида фуқарони гиёҳванд моддалар тарқатишда айблаб, уни шарманда қилиш ва ўлдириш билан таҳдид қилиб пул талаб қилган мактаб ўқувчиларидан иборат гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, зўравонлик ва товламачилик жиноятини содир этиб келган икки нафар 2006 йилда туғилган шахс ҳамда 2008 ва 2009 йилда туғилган мактаб ўқувчилари қўлга олинган. Жиноий гуруҳ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги автотураргоҳлардан бирида 300 АҚШ доллари ва 2 миллион 400 минг сўм пулни олаётган вақтда ушланган. Улардан 300 АҚШ доллари, 2 миллион 400 минг сўм пул, олти дона телефон, бир дона пичоқ ва бир дона ўткир тиғли жисм ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан гуруҳ етакчисига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми, 127-моддаси (вояга етмаганларни ғайриижтимоий ҳаракатларга жалб қилиш) 3-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган. Қолган уч нафар шеригига нисбатан 165-модда 2-қисми бўйича иш очилган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, аризачи тўрт нафар шахсдан иборат гуруҳ томонидан босимга учраганини билдириб мурожаат қилган. Гумонланувчилар уни мажбурлаб видеога олган, гиёҳванд модда тарқатишда айблаган ҳолда роликни интернетда тарқатиш билан қўрқитган ва 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида мактаб ўқувчилари ва бошқа одамларни қўрқитиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганди.