Тошкентда ўқув марказига босқинчилик қилишни режалаштирган жиноий гуруҳ ушланди (видео)
Crime
−
08:52 2549 2 minutes
Тошкент шаҳридаги ўқув марказларидан бирида сақланаётган катта миқдордаги пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, 1995 йилда туғилган собиқ қўриқчи ўқув марказининг ички тартиби ва хавфсизлик тизимини яхши билгани сабабли, ушбу жойни босқинчилик учун нишонга олган. У жиноий режани амалга ошириш учун уч нафар танишини ҳам гуруҳга жалб қилган.
Режага кўра, собиқ қўриқчи аввалдан марказдаги вазиятни ўрганиб, шерикларига пул сақланадиган жой ҳақида маълумот бериши керак бўлган. Гуруҳнинг яна бир аъзоси электр таъминотини узиши, қолганлари эса ниқоб тақиб, орқа эшикдан бинога кириши ва пулларни қопларга жойлаб, ижарага олинган автомобилда олиб чиқиб кетиши режалаштирилган.
Жиноятчилар хавфсизлик камералари ва сигнализация тизимини ҳам ҳисобга олган. Уларнинг бири жиноятни яшириш ва гувоҳларни чалғитиш мақсадида аёллар кийимида бўлишни ҳам режалаштирган.
Бундан ташқари, гуруҳ пулни қўлга киритгач, Фарғона вилояти орқали қўшни республикалардан бирига чиқиб кетишни ҳам кўзлаган.
Бироқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар натижасида босқинчиликнинг олди олинган. Гуруҳ аъзолари жиноятни амалга ошириш вақтида қўлга олинган.
Ушланган шахслардан ниқоблар, болға, қоплар, қўлқоплар, рациялар, эшикларни очишга мўлжалланган махсус мосламалар, калит нусхалари ҳамда хорижга чиқиш паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида фуқароларга тегишли 19 бош чорва молини ўғирлаб, сотиш орқали даромад топиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган эди.
Live
All“Demokrat.uz” rahbari qamaldi
12 November
AQShlik jurnalist “Oltin qalam” mukofotini oldi
12 November