Тошкентда тиббиёт ходимларини калтаклаган беморнинг яқинларига жиноят иши очилди
Жамият
−
22 Февраль 2021
9600Аввалроқ, Тошкентда шифохонада вафот этган беморнинг яқинлари тиббиёт ходимларини калтаклаб, жароҳат етказгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан маълумот берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидан тегишли чора кўришни сўраганди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг мазкур ҳолат юзасидан берган маълумотига кўра, тиббиё ходимларини калтаклаган шахсларга нисбатан жиноят иши очилган.
ИИББ маълумотига кўра, жорий йилнинг 18 февраль куни тахминан соат 23:50 ларда Яккасарой туманидаги, И.Иргашев номидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонасидаги изолятор хонасида 28 ёшли Ф.М. шахси аниқлаштирилаётган икки нафар танишлари билан, қўл ва оёқлари ёрдамида Тез тиббий ёрдам бўлими 3-сонли подстанция шифокори 31 ёшли Д.У. ва фельдшер 20 ёшли А. А.га тан жароҳати етказган.
Содир этилган жиноятнинг сабаби ўрганилганда, Ф.М. шифокорларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли онаси Д.Н.нинг ўлими юз берган деган фикрда бўлганлиги аниқланган. Марҳум Д.Н. юқорида қайд этилган шифохонага тез тиббий ёрдам машинасида клиник ўлим ҳолатида олиб келинган.
Воқеа натижасида иккала тиббиёт ходимлари турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
LiveБарчаси