Тошкентда сунъий ёмғир ёғдирилади
Жамият
−
31 Март 5809 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 25 март куни қабул қилинган “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида намлик паст бўлган ҳудудларда махсус ускуналар ўрнатилиб, сунъий ёмғир чақириш амалиёти йўлга қўйилади. Лойиҳа 2027 йил 1 октябрга қадар амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур технологияни жорий этиш орқали ҳаводаги чанг ва зарарли моддаларни камайтириш, атмосфера сифатини қисқа муддатда яхшилаш мақсад қилинган. Шу билан бирга, қурғоқчилик шароитида намликни оширишга ҳам эришиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжатга асосан, ушбу ташаббусни амалга ошириш Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва Олий таълим вазирлиги зиммасига юклатилган. Уларга хорижий тажрибани ўрганиб, самарали ечимларни жорий қилиш вазифаси қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий ёмғир технологияси 2026 йил давлат дастурига ҳам киритилган эди. Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб пилот лойиҳани ишлаб чиқиш ва камида 3–5 та амалий синов ўтказиш режалаштирилган. Пилот синовлар натижасида ёғингарчилик ҳажмини табиий ҳолатга нисбатан 10-20 фоизга ошириш кутилмоқда.
Live
Барчаси