Тошкентда суддан норози эркак дарахтга чиқиб олди

3-саҳифа

image

Бугун, 1 апрель куни ижтимоий тармоқларда судлардан норози эркак Олий суд қаршисидаги дарахтга чиқиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Олий суд муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 30 март куни фуқаро А. Ч. (1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Олий суд биноси ёнида дарахтга чиқиб, ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норозилигини билдирган.

Фуқаро пастга туширилиб, жисмоний ҳолати текширилган, унга шикаст етмагани аниқланган. Шундан сўнг А.Ч. Олий суд раиси Бахтиёр Исломов томонидан қабул қилиниб, унинг шикояти тегишли тартибда ўрганиш учун расмийлаштирилган.


 
Маълумот учун, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра А.Ч. Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланиб, унга Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми юқори инстанция судларида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан ташқари, А.Ч. 2025 йил 29 ноябрь куни Олий суд раиси томонидан қабул қилиниб, унга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириш учун асослар етарли эмаслиги маълум қилинган.

“Фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, улар Олий судга белгиланган процессуал тартибда эркин ва тўсиқсиз мурожаат қилиш имкониятига эгадир. Шу боис, мурожаат қилиш учун ноодатий ёки хавфли ҳаракатларга қўл уришнинг ҳожати йўқ.

Хусусан, мазкур ҳолатдан келиб чиқиб таъкидланадики, Олий судга мурожаат қилиш учун “дарахтга чиқиш” каби ҳаракатлар талаб этилмайди ва бундай усуллар масалани ҳал этишга хизмат қилмайди. Аксинча, мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шакллар орқали амалга оширилиши лозим.

Фуқароларга ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, мурожаат қилишнинг қонуний механизмларидан тўғри фойдаланиш ва ўз ҳуқуқларини қонуний усуллар орқали ҳимоя қилиш тавсия этилади”, дейилади Олий суд баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Олий суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг