Тошкентда “снос” шамоли эсмоқда: Эски шаҳарда туристик марказ қурилади
Жамият
−
22 Январь 2022
17488Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар кўчаси ҳудуд руҳини сақлаган ҳолда туристик марказга айлантирилади. Бу ҳақда кеча, 21 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар билан танишуви давомида айтиб ўтилган.
“Ўзбекистон 24” телеканали лавҳасида айтилишича, “Zarqaynar Renovation” Зарқайнар кўчаси таъмирлангач уч қисмдан иборат бўлади.
Президент тақдимотда лойиҳа билан танишиб, Эски шаҳарнинг туристик салоҳиятини ошириш учун кўрсатмалар берган.
Лойиҳа ким томонидан амалга оширилиши, қурувчи тендер асосида танлаб олинадими ёки аниқ бир компания белгилаб қўя қолинадими айтилмаган. Шунингдек, “Zarqaynar Renovation”га қанча пул сарфланиши ҳам очиқланмаган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда Зарқайнар кўчасида аҳоли ҳонадонлари зич жойлашган. Агарда ҳудуд реконструкция қилинса, пойтахтда яна "снос"лар бошланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундоқ ҳам ҳудуднинг биқинида Ислом цивилизация маркази қурилиши оқибатида ўнлаб уйлар бузиб ташланди. Аҳоли бундан норози бўлиб, ОАВга мурожаат қилди. Кўплар анчагача ўзи яшаган уй эвазига уй ололмай қолди.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги лойиҳалар билан танишиш давомида Юнусобод тумани, Шаҳрисабз ва Амир Темур шоҳ кўчалари кесишмаси ёнида қурилаётган “Tashkent Central Park” мажмуаси, Олмазор кўчасида барпо этилаётган “Tashkent city mall” мажмуасини бориб кўрганди.