Тошкентда шифокор аёлни калтаклаган маст фуқаро қамалди

Жамият

image

Аввалроқ Тошкентда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида олиб келингани ҳамда бу ерда бошқа беморларга хизмат кўрсатаётгани учун ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Тошпўлатовага тан жароҳати етказгани ҳақида хабар берган эдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида шифокор аёлни калтаклаган маст фуқаро У.Н.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Судланувчига жазо тури ва муддатини тайинлашда фуқаронинг муқаддам судланмагани, ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити ҳамда касаллиги, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган илтимоснома жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланди. Аммо судланувчининг мазкур қилмишни ғаразли ниятда ҳамда мастлик ҳолатида содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳоланди.

Ҳукмга кўра, У.Н.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди. Айбланувчига Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик ҳолатларига  муттасил қарши курашиб келади ва барча юртдошларимизга уларнинг саломатлигини сақлаш йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва инсонлик шаънига ҳурмат билан қараш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтади”, дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, фуқаро У.Н. томонидан калтакланган шифокор Н.Тошпўлатова қўшма краниофациал жароҳат, бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг оғир даражада лат ейиши, субарахноидал қон қуюлиши, бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши, энса ва бурун соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, назогеморрея ташхиси ва бош мия шиши асорати билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган эди.

Ўша пайтдаёқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қонунга мувофиқ ҳукм чиқарилишини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат билан чиққан эди.

Шундан сўнг тиббиёт ходимига қўл кўтарган фуқарога нисбатан жиноий иш очилиб, суриштирув ишлари бошланган.

Азизбек Наҳанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг