Тошкентда ноёб Европа кийигини олиб юрган шахс аниқланди
3-саҳифа
−
12 Январь 2023
12980Тошкентда машинада йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган бир бош Европа кийигини ҳужжатсиз олиб юрган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги маълум қилди.
Жорий йилнинг 10 январь куни Тошкент шаҳрининг “Янгиҳаёт” блокмаскани (Сурум)да фуқаро Х.Ж. бир бош Европа кийигини автотранспорт воситасида тегишли ҳужжатларсиз олиб кетаётгани аниқланди.
Суриштирув давомида Европа кийигининг эгаси эканини айтган фуқаро Б.Л. ва унинг шериги Х.Ж. воқеа жойида тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Шу сабабли, ушбу ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар Европа кийиги вақтинчалик сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.
“Мазкур тур CITES (йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги) конвенциясининг 1 иловасига киритилган. CITES'нинг 1 иловаси йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини ўз ичига қамраб олади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу турларни тижорат мақсадида экспорт, реэкспорт ва импорт қилиш тақиқланади. 1 иловадаги намуналарни чет элга олиб чиқиш учун CITES'нинг ҳам экспорт, ҳам импорт рухсати олиниши талаб этилади.
Маълумот учун, Европа кийигининг узунлиги 130-175 см га етади, вазни эркакларда 65 дан 110 кг гача ва урғочиларда 45 дан 70 кг гача. Бу ҳайвон қизил кийикдан қисқароқ бўйин ва оёқлари, шунингдек, мушак танаси билан ажралиб туради.
LiveБарчаси