Тошкентда Notcoin сотган 19 ёшли йигит қамалди
3-саҳифа
−
22 Июнь
9697Тошкентда Notcoin’ни ноқонуний сотган 19 ёшли йигит қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди
Қайд этилишича, жорий йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ АТСЖҚКБ ходимлари томонидан “TON” платформаси текширилган. Натижада 2005 йил Андижон вилоятида туғилган М.A. исмли шахс жорий йилнинг 1 июнь санасидан 7 июнга қадар Telegram’да “Ton spase Notcoin” бўлими орқали ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз икки маротаба умумий 8539 “NOT” миқдоридаги криптовалютани сотиб олиш, ўзга шахсга ўтказишни амалга оширганлиги аниқланган.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига кўра, крипто-активлар айланмаси соҳасида ушбу фуқаро M.A.га ҳеч қандай лицензия берилмагани аниқланган.
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 21 июнь куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, M.A. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш)нинг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида ундан олинган iPhone 13 Pro Max русумли уяли телефонининг хотирасида мавжуд бўлган барча маълумотлар тегишли тартибда ўчирилган ҳамда мажбурий ижро органи томонидан давлат фойдасига мусодара қилиниши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғулланган талаба йигит 10 суткага қамалганди.