Тошкентда ноқонуний тамаки савдоси билан шуғулланганлар ушланди

3-саҳифа

−

image

Тошкент шаҳрида акциз маркасисиз тамаки маҳсулотларини ноқонуний сотиш билан шуғулланиб келган бир нечта шахс ушланди. Тезкор тадбирлар давомида жами 8 808 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда А.И. ва Ф.К. исмли шахслар чет элда ишлаб чиқарилган 1 539 қути “Esse change” номли акциз маркасисиз тамаки маҳсулотларини И.С.га 7 200 долларга сотаётган вақтда ушланган. Улардан яна олти турдаги 1 832 қути тамаки маҳсулоти олиб қўйилган.

Шунингдек, Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Ф.И. ва Н.Ш. исмли шахслар тамаки маҳсулотларини Ш.Б.га сотаётган вақтда қўлга олинган. Ф.И. бошқарувидаги Gentra автомобили кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан сотиш учун олиб келинган, умумий қиймати 156,7 млн сўмлик 123 турдаги 3 183 қути акциз маркасисиз тамаки маҳсулоти топилган.

Туманда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда С.Х. ва бошқалар “Лашкарбеги” кўчасидаги савдо дўконида умумий қиймати 213,4 млн сўмлик 97 турдаги 3 793 қути акциз маркасисиз тамаки маҳсулотини сотувга қўйгани аниқланган.

Ҳар учала ҳолатда ҳам тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг