Тошкентда наркотик тарқатган “закладчик”лар ушланди
3-саҳифа
−
13 Ноябрь
3703Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида “закладчик”лар ушланиб, синтетик гиёҳвандлик воситасининг айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 50 кун” махсус профилактик тадбири доирасида вилоят ИИББ ва Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари томонидан Ўрта Чирчиқ туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 22-25 ёшдаги 3 нафар шахс 3 грамм синтетик гиёҳвандлик воситасини назоратдаги харидорга 1,7 млн сўмга сотган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган. Улар орасидаги шахс Х.Ғ. нинг ёнидан 6 грамм “марихуана” аниқланган, шериги Ш.Л. га тегишли машинадан эса гиёҳвандлик моддаси истеъмоли учун махсус ясалган “баклажка” топилган.
Олиб борилган суриштирувлар натижасида ушбу шахслар интернет орқали гиёҳвандлик воситаларини сотувчи шахслар билан алоқада бўлиб, “закладчик” сифатида фаолият юритгани ва уларга юборилган махсус локациялар орқали синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб, тарқатгани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида ушланган шахс Ш.Л. га юборилган сўнгги локация асосида Қибрай туманида “Чинобод” маҳалласи ҳудудидан оғирлиги 20 грамм бўлган синтетик гиёҳвандлик воситаси яширилган жойдан ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ўтказилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги доирасида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатувчи 32 нафар шахс қўлга олинган эди.