Тошкентда мактабдан қайтаётган қизга шилқимлик қилган йигит 10 йилга қамалди
3-саҳифа
−
08 Август 2023
19625Жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда 26 ёшли йигит 17 ёшли қизга тегажоғлик қилганди. Унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби маълум қилди.
Бугун, 8 август куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида фуқаро О.О. (1997 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ишсиз, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Ушбу жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг раиси С.Содиқов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ О.О. Жиноят кодексининг 25,118-моддаси (номусга тегишга суиқасд қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
“Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 19 апрель куни Миробод тумани Иноқобод кўчасида номаълум шахс 17 ёшли қизнинг орқасидан келиб, тегажоғлик қилганди. Сўнгра ҳодиса жойидан қочиб яширинган. Кейинчалик қизнинг отаси унинг стрессдалигини маълум қилган.
Қайд этиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни имзолаган қонунга кўра, жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш ҳаракатлари учун 1,5 млн сўмгача жарима ёки 5 суткагача қамоқ жазоси белгиланган.