Тошкентда Исроил элчихонасига ўт қўйишга уринган талаба қамалди
3-саҳифа
−
08 Май
12423Тошкент шаҳрида талаба йигит Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасини ёқиб юборишга уринди. Мазкур ҳолат жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2004 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 2-босқич талабаси бўлган А.А. 2023 йилнинг 19 октябрь куни эрта тонгда Исроил элчихонасини ёқиб юбормоқчи бўлган.
Йигит ўша куни соат 4:30 лар атрофида ўз мақсадини амалга ошириш учун спорт сумкасига бир дона 0,45 грамм ҳажмли ёнувчи "керосин" суюқлиги солинган шиша идиш, гонтель, икки қути гугурт ва мато бўлакларини солиб, велосипедда элчихона ёнига келиб тўхтаган. Шунда унинг ҳаракатлари элчихона ёнида жойлашган Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ходимларининг эътиборини тортган.
ИИБ ходимлари йигитдан тўхташни сўраган, у эса велосипедини бошқарган ҳолда қочишни бошлаган. Ходимлар хизмат машинасида уни кузатиб бориб, тўхтатган ва ИИБ биноси ёнига олиб борган ҳамда елкасидаги сумкани очиб кўрсатишни сўраган. Талаба йигит шунда ҳам ўз мақсадига етишиш учун ИИБ ходимларини чалғитиб, сумкасидаги керосин солинган шиша идишни ва бир дона гонтель тошини қўлига олиб, элчихона биноси томонга югурган. ИИБ ва элчихона биносини қўриқлаётган Миллий гвардия ходимлари йигитни элчихона эшиги ёнида ушлашган. Бу орада у қўлидаги шишани ва гонтель тошини девор устидан элчихона ҳовлиси ичига улоқтирган.
А.А. судда берган кўрсатмасида 2023 йил октябрь ойининг ўрталарида Ғазо секторида Исроил ва Фаластин ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувлар акс этган видеоларни кўра бошлаганини, оқибатда Исроил давлатини ёмон кўриб қолганлигини, ўч олиш мақсадида ушбу давлатнинг Тошкентдаги элчихонасини ёқиб юборишни мақсад қилганини билдирган.
“Аввал керосин солинган бутилкаларни девор орқали элчихона ички ҳовлисига улоқтирмоқчи эдим. Кейин унинг ортидан мато бўлакларини гантел тошларига ўраган ҳолда керосин билан тўйинтириб, уларни ҳам ёққан ҳолда керосинли шиша синган ҳудудга отиб, бу орқали элчихонага ўт қўйишни режа қилдим.Одамларга ёки элчихонага зарар етказиш ниятим бўлмаган, фақатгина Исроил давлати Фаластиндаги шифохонага бомба ташлагани учун норозилик билдирмоқчи бўлдим. Содир этган ҳаракатларим нотўғри эканини тушуниб етдим”, деган талаба.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди А.А. ни Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.