Тошкентда иситиш мавсумининг кечикиш сабаби айтилди
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
9094Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокимининг иситиш мавсумини бошлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган сана мавсумнинг амалдаги бошланиш санасидан фарқ қилиши тўғрисидаги маълумотлар тарқалди. Шаҳар ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Аниқлик киритилишича, ҳокимнинг тегишли қарори билан жорий йилнинг 3 ноябрь куни соат 00:00 дан бошлаб пойтахтда иссиқлик манбаларидан иссиқлик тизимининг айланма ҳаракати йўлга қўйилган. Бироқ айланма ҳаракат бошланганидан сўнг, бир қатор муаммолар юзага келган ва уларни бартараф этиш қўшимча вақт талаб қилмоқда.
6 ноябрь куни иссиқлик таъминоти тармоғидаги муаммолар бартараф этилгач, тизимни ишга тушириш жадвалига мувофиқ бошланган, аммо таъмирлаш ишларини инобатга олган ҳолда жараён 7 ноябрга сурилган.
“Ўз навбатида, бизнинг саъй-ҳаракатларимизни тўғри баҳолашингизни ва тегишли шаҳар хизматлари фаолиятидан ортиқча маъно изламаслигингизни сўраймиз. Бизнинг барча ҳаракатларимиз фақат яхшиликка ва пойтахт аҳолиси учун қулай яшаш шароитини яратишга қаратилган”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иситиш мавсуми Гидрометеорология хизмати агентлигидан иситиш мавсумини маълум санадан бошлаш тавсияси олинганидан кейин Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан бошланиши айтилганди.