Тошкентда иситиш мавсуми қачон якунланади?
Жамият
−
17 Март
5799Охирги беш кун давомида Тошкент шаҳридаги ўртача суткалик ҳарорат 8 даражадан пастламаётгани сабабли тез орада Тошкентда иситиш мавсуми якунланади. Бу ҳақда “Veolia Energy Tashkent” хабар берди.
Қайд этилишича, баҳор келиши билан Тошкентга илиқ об-ҳаво ва қуёшли кунлар ҳам қайтган. Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 8 мартдан 14 мартгача бўлган даврда Тошкентда ўртача суткалик ҳарорат 11,6 °C (минимал – 9 °C 8 мартда, максимал – 13,1 °C 14 мартда) даража бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатиш тартиблари тўғрисида”ги 194-сон қарорига кўра, ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун давомида 8 °C даражада сақланиб турса, иситиш мавсуми якунланади. Ушбу қарорга асосланиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тез орада 2024-2025 йиллар учун иситиш мавсумини ёпиш ҳақида қарор қабул қилади.
Иситиш мавсуми якунлангач, кейинги мавсумга тайёргарлик кўриш ишларининг муҳим босқичи бошланади.
Билдирилишича, “Veolia Energy Tashkent” МЧЖ ХК компанияси йилнинг совуқ мавсумида иссиқлик таъминоти янада барқарор ва сифатли бўлиши учун иссиқлик тармоқлари, маҳаллий қозонхоналар ва насос станцияларида жорий ҳамда капитал таъмирлаш ишларини олиб боради. Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарувчи компаниялар ва УЖМШлар мавжуд биноларда муҳандислик коммуникацияларни кейинги иситиш мавсумига ҳозирлашни бошлашлари, жумладан, уйлардаги иситиш тизимларини ювиш, жорий ва капитал таъмирлаш ишларини бажаришлари керак.
“Квартирлар эгалари эса хонадондаги батареялар яхши ҳолатда бўлишига эътибор қаратишлари керак, чунки кейинги иситиш мавсумидаги қулайлик шунга боғлиқ бўлади. Биз хонандингиз йилнинг совуқ даврида иссиқ ва шинам бўлиши учун иситиш радиаторларини ювдиришни тавсия қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг 5 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракати йўлга қўйилганди. 7 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари бошланган.