Тошкентда икки фуқаронинг уйидан 1,4 кг наркотик топилди
3-саҳифа
−
09:12 319 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида икки фуқаронинг яшаш хонадонидан 1 килограмм 400 грамм гиёҳвандлик ва синтетик моддалар аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Дастлаб, 1995 йилда туғилган Отажоновнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида сейфдан турли кўринишдаги моддалар солинган ўрамлар, қадоқлаш учун мўлжалланган рангли изолента, зип-пакетлар ва электрон тарози топилган.
Тезкор тадбирнинг навбатдаги манзили ҳам Мирзо Улуғбек туманидаги Иқтидор маҳалласи бўлган. Бу ерда 1996 йилда туғилган Муҳаммадиевнинг уйидаги омборхонадан турли кўринишдаги кукунсимон ва тошсимон моддалар, зип-пакетлар ҳамда электрон тарози аниқланган.
Икки манзилдан топилган жами 1 килограмм 400 грамм гиёҳвандлик ва синтетик моддалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб, уларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи фуқаронинг уйи пойдевори остидан 2 кг 875 грамм “марихуана” топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь