Тошкентда икки автобус ҳайдовчиси жанжаллашди
Жамият
−
13 Апрель
5127Тошкент шаҳрида 1-автобус йўналишининг икки ҳайдовчиси ўртасида келишмовчилик келиб чиқди. Жанжал туфайли ҳайдовчи бошқа автобуснинг калитини олиб кетиб қолган. “Тошшаҳартрансхизмат” мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 12 апрель куни соат 20:05 ларда “5-автобус саройи” филиали тасарруфида бўлган MAN русумли 1-йўналиш бўйлаб ҳаракатланадиган автобус ҳайдовчиси Р.Ў. ва ушбу йўналишда ҳаракатланувчи MAN русумли автобус ҳайдовчиси М.Ф. ўртасида можаро келиб чиққан.
Ҳайдовчи М.Ф. белгиланган ҳаракат жадвалига риоя қилмасдан Р.Ў. бошқарувидаги автобусдан олдин “Буюк Ипак йўли” бекатидан “Югнакий мавзеси” бекати томон ҳаракатни олдин бошлаб юборгани сабабли Мирзо Улуғбек тумани Буюк ипак йўли кўчаси “Саёҳат” бекати қаршисида ўзаро жанжал юзага келган ва ҳайдовчи Р.Ў. ҳайдовчи М.Ф. бошқарувида бўлган MAN русумли автобуснинг калитини олиб кетиб қолган.
Воқеадан хабар топган “5-автобус саройи” мутасаддилари тезкорлик билан йўналишга чиқиб, автобуснинг калитини ҳайдовчига етказишган ҳамда автобус ўз йўналишида ҳаракатланиб йўловчиларни белгиланган манзилга олиб борган.
Шундан сўнг ушбу икки автобус “5-автобус саройи” филиали ҳудудига олиб келинган ва ҳайдовчилар билан бўлган воқеа юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, йўналиш давомида автобусда йўловчилар бўлишига қарамасдан ушбу автобуснинг калитини олиб кетиб, йўловчиларни кутиб қолишларига сабаб бўлгани ва корхона ички меҳнат тартибини бузгани учун ҳайдовчи Р.Ў.га нисбатан қатъий интизомий чора кўрилиши маълум қилинган.
LiveБарчаси