Тошкентда “героин”, “гашиш”, “мефедрон” ва “опий” савдогарлари ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида қарийб 3,2 килограмм “героин”, “гашиш”, “мефедрон” ва “опий” мусодара қилиниб, бир неча шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида Бектемир туманида ҳаракатланаётган Gentra русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилган. Автомобилда Яшнобод туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган икки нафар фуқаро бўлгани аниқланган.

Текширув чоғида автомобиль салонидан бир нечта пакетларга қадоқланган оч сариқ рангли кукунсимон моддалар топилган. Шундан сўнг гумонланувчилар аввалдан яшириб қўйган хуфия жой ҳамда ижарага олган хонадон кўздан кечирилган. У ердан ҳам кукунсимон моддалар, электрон тарозилар ва гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланилган жиҳозлар аниқланган.

Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган моддалар 1,2 килограмм “героин” ва 100 грамм “мефедрон” экани тасдиқланган. Мазкур фуқароларнинг ҳар иккиси ҳам аввал наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланган.

Яна бир ҳолатда эса Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда 47 грамм “гашиш” ва 34 грамм “опий” аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ушбу шахсни гиёҳвандлик воситалари билан таъминлаб келгани айтилган Олмазор туманида яшовчи 1980 ва 1985 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ҳам ушланган. Уларнинг автомобиллари ва яшаш манзиллари текширилганда жами 1,8 килограмм гашиш ҳамда 12 грамм опий мусодара қилинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 60 миллион сўм эвазига 133 қути кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг