Тошкентда фоиз эвазига пул бериб, қарздорларнинг уй-жойларини тортиб олган шахс ушланди
3-саҳифа
−
03 Февраль
10818Тошкентда фоиз эвазига пул бериб, қарздорларнинг уй-жойларини тортиб олиш билан шуғулланган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 1993 йилда туғилган Тоҳиржон Абдумаликов Абдуғаппор ўғли жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ўтказилган тергов ҳаракатари давомида аниқланишича, ушбу шахс фуқароларга фоиз эвазига пул бериб, қарз олган шахснинг номида бўлган тураржой ва транспорт воситаларини гаров эвазига ўзининг номига расмийлаштириб олган. Фуқаролар белгиланган муддатда қарз ва фоизларини бермаган тақдирда уй-жойдан оиласи билан чиқариб юбориш ва транспорт воситасини тортиб олиш билан шуғулланиб келган. Ваҳоланки, гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пул маблағидан 3-4 баробар кўп бўлган.
“Ҳурматли фуқаролар агар сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 Telegram рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда манзил-колониядаги маҳкум яна жиноят содир этгани аниқланганди.